* * *
Ая,
мен негадир ичиколмадим,
ҳокистар узандим сендан нарига.
бугун қўрқув титроқ сувратин чизар
нафасимнинг шаффоф деворларига.
Бир йўл кўринади,
сенга бормас йўл,
дилимнинг чилпарчин деразасидан.
Уйғониб кетаман кузги боғларда
ёдинг-ла тўкилган барглар сасидан.
Кўзимда музлади қуёш сийрати,
оят дарёлари тўлдилар оҳга.
Оғриқлар тирилди –
нажот бергил деб
фақат сенга боргум,
фақат Аллоҳга...
Улоқиб юрибман олис кунларнинг
рўмолинг каби кенг тарафларида.
Ая, кўр,
умримнинг либоси – иймон,
лек таним осийлик ҳадафларида.
Ботинимда қўпар зангор васваса,
билмайсан...
бу зулмат – иблис саждаси.
Ва яна билмайсан,
бу кенглик – зиндон,
мен ҳамон қўмсарман меҳринг қафасин.
Кун келиб узгайман беҳол, бемажол,
умиднинг занг босган занжирларини.
Синдиргум кўксимга ботмоқ истаган
дунёнинг нигоҳий ханжарларини.
Кетарман, келарман...
йўлим – айлана,
борлигим – борлиққа йўналган ўчим.
Бемеҳр демагин, чарчадим, ая –
сени соғинмоққа етмайди кучим.
Мирзоҳид Музаффар