Сени ҳеч ким
танимайдиган манзилда,
Сен билан ҳеч ким кимнинг иши бўлмайдиган,
тергамайдиган,
кутмайдиган,
эркалатмайдиган
ва ниҳоят
борлигингга рози
нотаниш ерда
сезгиларинг уйғониб кетади
ва ишона бошлайсан
апрель деган фасл борлигига,
настаринлар бўйи,
ранги табиийлигига,
яна ўзингнинг мавжудлигингга.
Кўзларинг очиқми ёки юмуқ -
фарқига бормайсан,
чунки тўрт томонинг,
яна осмону ер
сендан иборат
фақат борлигингдан сармаст бўласан:
сени тарк айлайди
ҳушинг,
тушларинг...
яшайсан нафасинг бўғзингни қирмай,
ўзингни ушламай.
Йиқилишдан қўрқмайсан -
йиқилсанг қуламайсан ахир ҳеч қаерга.
Жуда бўлмаса, ичингга чўкиб кетасан
сўзма-сўз,
ҳарфма-ҳарф,
нуқтама-нуқта
сўзларни
ҳарфларни
нуқталарни еб
сенга иймон келтиради томирингда болалаган балиқлар -
ҳеч кимга
Башорат Отажонова