Никоҳ — бу ҳиссиётга берилиб, ҳар жабҳада “бахтли интиҳо” билан тугаши кутиладиган романтик ҳикоя эмас.
Никоҳ — залворли лекин муқаддас бир аҳдлашувдир.
Аввало динда муқаддас, кейин эса жамиятда эътироф этилган бир масъулиятдир.
Бу йўлни фақат қалбида масъулият туйғуси бор инсонлар босиб ўта олади.
Аёл турмушга чиққанида аёллигини йўқотмайди.
Лекин “мен!” деган кибрни тарк қилиб, сукунат ва мулойимликни танлаши керак бўлади.
Чунки оила деган масканда ўжарлик, қайсарилик осойишталикни бузади, рахбарликни талашиш эса ҳамжиҳатликни яксон қилади.
Эркак эса оила қурганида куч билан эмас, ақл ва бағрикенглик билан бош бўлиши керак.
Оилага эътиборсизлик ва масъулиятдан қочиш эмас, балки посбонлик, ғамхўрлик ва етакчилик қилиши лозим.
Итоатли аёл — қадри паст хотин, дегани эмас.
Раҳбар эркак — зўравон эр, дегани эмас.
Ҳар бирининг мўтабар ўрни бор.
Ким ўзига тегишли чегарани бузса, аввало ўз ўрнини кейи эса ўзгаларни йўқотади.
Агар сен — аёл — бағрикенгликка, сабр-бардошга ва савобга умид билан яшай олишга ҳозир бўлмасанг, турмушга чиқишга шошилма!
Агар сен — эркак — ақл билан қарор чиқара олишга, уй ичини идора қилишга, муҳофаза қилишга ҳамда аҳдингга вафо қилиб яшашга тайёр бўлмасанг — турмуш қуришга шошилма!
Никоҳ — қучоқни ёки вақтни қарши жинс вакили билан тўлдириш эмас, балки бир миссияни — табиий инсоний вазифани — адо этишдир.
Ҳар ким Холиқ олдида ўз қилган ишлари учун жавоб беради — жуфти учун эмас.
Ҳа, никоҳ шартномаси ерда имзоланади, лекин унинг оқибати — икки абадий диёрнинг бири бўлади: ё мукофот, ёки жазо.
Шунинг учун, ўз қўлинг билан никоҳ шартномасини имзолашдан аввал, ўрнингни — масъулиятингни аниқ билиб ол.
Никоҳни муҳаббат сақламайди — никоҳни аҳдга вафо сақлайди.
Бу аҳд эса, йиллар билан эмас, ниятнинг софлиги ва холислиги билан ўлчанади.
Муҳаммад Азҳарий
@IkromSharif