Супер(мега)регуляторга қонун керак!
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги даъвоси бўйича маҳкама қандай хулоса ва қарорга келади, билмайман.
Лекин агентлик фаолиятини тартибга солиш учун махсус қонун керак. Бу фикрда собитман! Temu кейси буни яққол кўрсатиб берди ва афсуски, бу охиргиси бўлмайди. Сизларни, сизларга қўшиб Ўзбекистондаги бизнес муҳитни обрўсизлантирса, шунақа бирёқлама кейслар обрўсизлантиради. Сизларга қонун керак, деган танқидий фикр учун аслида судга бериш эмас, балки раҳмат айтиш лозимдир?
Дунёнинг ҳеч бир мегарегулятори АҚШдан тортиб Норвегиягача, Украинадан тортиб Россиягача қонунсиз, қарорлар асосида (Executive order) фаолият кўрсатмайди. Мегарегулятор фаолиятини тартибга солувчи, шаффоф ва очиқ, холис ва адолатли ишини таъминловчи, нафақат ваколатлар, унинг мустақиллигини, мажбуриятлари ва ҳисобдорлигини ҳам ўз ичига олган махсус қонун Ўзбекистонга керак. Супер(мега)регулятор қарорлар ва ҳаволакилар асосида ишлаши нафақат бозор ўйинчилари ва инвесторлар, унинг ўзи учун ҳам тўғри эмас. Ҳатто хатарли.
Айтайлик, Ўзбекистонда кўп иқтисодий ислоҳотларда маслаҳатчи бўлган Жаҳон банки сизларнинг фаолиятингиз қарорлар билан эмас, алоҳида махсус қонун билан тартибга солиниши керак, бусиз сизлар назорат қилаётган суғурта ва капитал бозоридан тортиб криптоактивлар ва электрон тижорат сегментларигача барқарор ўсиш бўлмайди, инвесторлар қизиқмайди, бозорлар бир қўлли ва монопол тарзда қолади, кучли ўйинчилар кучсизларини маъмурий йўллар билан йўқ қилади, регуляторнинг мустақиллиги таъминланмайди деб хулоса берса, Агентлик уларниям мени обрўсизлантирдинг, деб маҳкамага берадими?