Бошқармадаги бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси фаолияти сарҳисоб этилди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида бошланғич Касаба уюшма қўмитасининг 2024 йилда амалга оширилган ишлари, келгусидаги режалари ва бошланғич ташкилоти раисини сайлаш юзасидан ҳисобот-сайлови бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон кенгаши раиси Р.Мадреймов, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Кадиров ва шахсий таркиб иштирок этди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Касаба уюшма қўмитаси раиси В.Матёкубов сўзга чиқиб, қўмита томонидан амалга оширилган бўйича ҳисоботни ўқиб эшиттирди.
Таъкидлаш жоизки, уюшма аъзолари фарзандлари учун 2024 йил давомида болалар оромгоҳларига 5 та йўлланма, ходимлар ва уларнинг ота-оналарига соғломлаштириш масканларига бориб дам олишлари учун 4 та йўлланма берилиб, ички туризм тадбирлари доирасида жами 4 та ходимнинг Тошкент шаҳрига саёҳати ташкиллаштирилди. Бундан ташқари, уюшма томонидан бошқармада ўтказилган байрам тадбирлари, хусусан, 26 январь – “Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни”муносабати билан 70 нафар ходимга, 8-март –“Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан 40 нафар аёл ходимларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун театр ва концертларга боришлари таъминланди.
Йиғилиш кун тартибидаги навбатдаги масала юзасидан бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раиси ва унинг таркиби очиқ овоз бериш йўли орқали сайланди. Сайлов натижаларига кўра, “Довут-ота” чегара божхона пости бошлиғи В.Матьякубов бошқарманинг бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб сайланди.
Тадбир якунида 2025 йилда амалга ошириладиган ишлар режаси келишиб олинди.