Божхоначилар кир ювиш кукуни ниқоби остидаги 45 кг. прегабалин кучли таъсир қилувчи моддасини тўхтатиб қолишди
Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан “Дўстлик” чегара божхона пости, вилоят давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги кучли таъсир қилувчи моддаларни республикамиз ҳудудига олиб киришга бўлган айёрона уриниш фош қилинди.
Гап шундаки, “Дўстлик” чегара божхона пости орқали мунтазам равишда тижорат мақсадидаги товарларини гўёки шахсий эҳтиёж учун олиб ўтишни ўзига касб қилиб олган 3 нафар фуқаролар бу гал наркокурьерларнинг "тузоғи"га илинишди.
Моддий манфаатдорлик эвазига ушбу шахслар 9 кг оғирликдаги 3 дона “Ariel” кир ювиш кукунини чегара божхона постидан олиб ўтаётган вақтида тўхтатилиб, мазкур товарлар божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада, кир ювиш кукуни қадоғи муқаддам очилгани ва унинг ичига аслида “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси жойлангани фош бўлди.
Шу куннинг ўзида тезкор тадбир давом эттирилиб, прегабалинни қабул қилиб олувчи шахсга етказаётган йўловчи ҳам Оҳангарон туманида қўлга олинди. Унинг ёнида 27 кг. оғирликдаги 9 дона кир ювиш кукунига ҳам кучли таъсир қилувчи моддалар аралашгани аниқланди.
Калаванинг учи тезкор ходимларни пойтахтимизнинг Учтепа туманига етаклади. Боиси юқоридаги барча кучли таъсир қилувчи моддалар айнан ушбу тумандаги хонадонлардан бирига келтирилиши керак эди.
Шубҳа остига олинган шахснинг ушбу туманда ижарада яшаб келаётган хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида бу ерда яширин нарколабаратория ташкил этишга ҳозирлик кўрилаётгани фош бўлди.
Хусусан, қучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаш ва тақсимлаш мақсадида турли жиҳозлар, хом ашё ва бўш капсулалар борлиги аниқланди.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирларидан сўнг эртасига “Дўстлик” чегара божхона постида айнан ушбу лабораторияга етказилиши керак бўлган, 20 кг. оғирликдаги 2 номдаги кир ювиш кукуни қадоқларига жойланган кучли таъсир қилувчи моддаларнинг навбатдаги партияси ҳам қўлга олинди.
Шундай қилиб кўп босқичли тезкор тадбирлар якунида қонунбузар шахслардан жами оғирлиги 56 кг.ни ташкил қилувчи 16 дона кир ювиш кукуни қадоқларига солинган кучли таъсир қилувчи моддалар олиб қўйилди.
Шундан 45 килограмини Марказий божхона лабораторияси томонидан ўтказилган экспертиза натижаларига кўра “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси ташкил этиши аниқланди.
Эслатиб ўтамиз, 1 кг. прегабалин моддасини 33 минг капсулага тақсимлаш мумкин. Демак, юқоридаги ҳолатда салкам 1,5 млн дона капсулага етарли кучли таъсир қилувчи моддалар тарқаб кетилишининг олди олинди. Бу эса қанчадан қанча ёшларнинг саломатлигига зиён етказиши ва турли жиноятларга етаклаши муқаррар эди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга мазкур кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қора бозордаги нархи 40 млрд сўмни ташкил қилади.
Ҳозирда жами оғирлиги 45 кг. “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси далилий ашё сифатида олиниб, божхона органлари томонидан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, республикамиз божхоначилари йил бошидан буён 86 та ҳолатда салкам 90 кг. кучли таъсир қилувчи моддаларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйишди.