Ички ишлар органларидаги ишдан бўшатишлар масаласи
27 апрель куни Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатовнинг фуқаролар учун навбатдаги шахсий қабул ташкил этилди. Айтилишича, бу қабул давомида жами 698 та фуқародан 475 та мурожаат қабул қилинди. Улардан 441 таси ички ишлар органлари фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлиб, шулардан 246 таси, яъни ярмидан кўпи – хизматга қайта тикланиш масаласи экан.
Мурожаатчиларнинг ярмидан кўпи ишга тиклаш масаласида келганлиги тизимда меҳнат муносабатлари йўналишида қилинадиган ишлар кўплигидан далолат беради.
Фикримча, ички ишлар органларида (ҳудудларда) ходимларни хизматдан бўшатишда бироз шошилишади. Аслида низоли бўшатишлар муайян ҳужжатлар пакетини талаб қилади. Бу дегани, асосий хатолик, низоли бўшатишларда ҳужжатларни тўлиқ расмийлаштирмасдан, шошилинч иш қилишдир. Яна бир камчилик нима бўляпти биласизми? Ходим бўйича гўёки жиноят (масалан, “олди-берди”) содир қилганлиги ҳақида шикоят келиб тушганда, хизмат текшируви ўтказиб, материал прокуратурага чиқарилади, лекин ҳали прокуратура ёки суднинг якуни бўлмасдан туриб ходим ишдан бўшатиляпти. Кейин нима бўляпти? Орадан 10-15 кун ўтиб, прокуратура ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этяпти. Табиийки, шундан кейин ходим вилоят бошқармасига келиб “ана, прокуратура рад қилди, энди мени ишга қайтаринглар” деб талаб қўйяпти. Мана, асосий меҳнат низоси қаердан келиб чиқяпти.
Аттестация жараёнлари ўтказилганда ҳам, ишдан бўшатиладиган ходимлар сони бирдан кўпайиб кетади. Албатта, аттестация ўз-ўзидан бўладиган тадбир эмас, ҳеч ким бекорчиликдан ўйлаб топмаган буни. Қолаверса, ички ишлар органлари тизимида аттестация ўтказиш зарурати ва аттестация ўтказиш тартиби Президентнинг ПҚ-3413-сонли қарори билан белгилаб қўйилган. Бироқ, кўряпмизки, аттестация жараёнларида, айниқса, навбатдан ташқари аттестация ўтказиш чоғида айрим хатоликлар кузатилмоқда. Жойлардаги мутасаддилар томонидан аттестация ўтказиш чоғида Президент қарори билан тасдиқланган ва аттестацияга доир ички тартибда кўрсатилган талабларга ҳар доим ҳам тўлиқ риоя қилинмаяпти. Табиийки, бу нарса аттестация натижаси билан бўшатилган ходимларнинг эътирозларини келтириб чиқармоқда. Бу эътирозлар эса бориб-бориб суд низоларига айланиб кетяпти.
Жойлардаги айрим ички ишлар органлари масъуллари “биз Меҳнат кодекси билан ишламаймиз, бу кодекс бизга тегишли эмас” деб ўйлашади, баъзан судларда ҳам бу фикрларни эшитамиз. Аслида, бу Кодекснинг 11-моддасига асосан ички ишлари органлари фаолиятига уларнинг махсус қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган қисмида меҳнат қонунчилиги, жумладан, Меҳнат кодекси нормалари қўлланилади. Айрим масъуллар мана шу нарсани тушунишни исташмаяпти.
Бугун фуқаролик судларида ишга тиклашга оид низолар бўйича Ички ишлар вазирлиги “юқори” ўринларда турибди. Тўғри, бу нарса тизимдаги ходимлар таркибининг кўплиги ва интизомий қилмишларга нисбатан кескин чоралар кўриш зарурияти билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, қуйида ходимлар сони қанча кўп бўлса, муаммо ҳам, жумладан, чора кўриладиган ходимлар ҳам ва табиийки, суд низолари ҳам бошқаларга нисбатан кўпроқ бўлади. Лекин судлар фақат қонунларга риоя қилишини ҳисобга олсак, улар йўл қўйилган хатоларни кечирмайди, бундай ҳолатларда судлар ўз ишини қилади: қарор чиқаради ва ходимларни ўз ишига тиклаб қўяди.
Тизимдаги бўмагир ходимларнинг ишдан олинишига ҳеч ким қарши эмас, лекин орада фидоий ва ватанпарвар ходимларнинг кетиб қолиши ёмон. Менимча, ички ишлар органларида хизматдан бўшатишга оид тартиб-қоидаларни қайтадан кўриб чиқиш керак. Иложи бўлса, ҳар бир ички ишлар ходимининг хизматдан бўшатилишини юқори даражадаги масъуллар томонидан кўриб чиқиладиган механизм жорий қилиш зарур.
👉@yuristkadr