Асосчилар янги стартап бошлаётганларида, кўпчиликнинг бозор ҳақидаги саволга жавоби шундай бўлади: «Бозор катта, ҳаммага жой бор.»
Аммо бозорнинг катталигидан ташқари, унинг хусусиятлари ҳам жуда муҳим. Масалан, АҚШда юк логистикаси соҳасидаги FreightTech дастурлари учун бозор жуда катта (~1 триллион доллар), ва у фрагментланган.
Бу нима дегани?
Энг йирик ўйинчининг бозордаги улуши одатда 20% дан ошмайди. Қолган улушни эса кўплаб кичик ва ўрта ўйинчилар бўлиб олишади. Шунинг учун, йирик ўйинчи ҳам ўз ҳажми билан абсолют рақобат устунлигига эга бўла олмайди.
Лекин бошқа мисол оладиган бўлсак — масалан, Uber ёки DoorDash. Бу бозорлар ҳам катта, аммо уларда бозор мужассамлашган (consolidated) ва “winner takes all” (ғолиб ҳаммасини олади) тамойили ишлайди.
Нега? Чунки ўйинчи қанчалик катта бўлса, network effect (тармоқ эффекти) шунчалик кучли ишлайди.
Шунинг учун, «мен кейинги Uber’ни қиламан» десангиз, АҚШда ақлли инвесторлар буни қўллаб-қувватлаш эҳтимоли паст. Бу уларнинг ўрнини бошқа ўйинчи боса олмайди дегани эмас — янги лидер фақат disruption (бузиш) ва янги бизнес модели орқали келиши мумкин. Масалан, ўзиюрар автомобиллар келажакдаги Uber рақобатдошлари бўлади.
Бозорлар доимо бир хил шаклда қолмайди.
Масалан, такси ёки овқат етказиб бериш бозорлари технология компаниялари пайдо бўлишидан аввал жуда фрагментланган эди. Технологиялар бу бозорларни бирлаштириш имкониятини берди.
Логистика — бу фрагментланган бозор, ва унда ўз ўрнингизни топиш нисбатан осон.
Бу “legacy” бозор, яъни эски одамлар ва усуллар билан ишлайдиган тармоқ.
Янги авлод, технология билан улғайган бизнесчилар келаётгани ва иқтисодиётдаги ўзгаришлар, ушбу бозорни янги технологиялар қабул қилишга мажбур қилади.
Бу бозор “unsexy”, яъни кўп ёшлар учун қизиқарсиз, шунинг учун ундаги рақобат ҳам унча қаттиқ эмас.
Бу бозорда disruption (катта ўзгариш) бўлади. У ўзгаришлар ўзиюрар юк машиналари ва роботлаштирилган технологиялар билан боғлиқ.
Ўзиюрар юк машиналари аллақачон мавжуд. Стенфордда ўқиганимизда, курсдошимиз Peterbilt компанияси топ менеджери бизга Level 4 ўзиюрар юк машиналарни намойиш қилганди.
Бу ердаги асосий тўсиқ — технология эмас. Асосий муаммо — давлат ва штатлардан рухсат олиш, яъни регуляция.
Tesla ҳам бу йўналишда ишламоқда ва кейинги 10–15 йил ичида соҳани тубдан ўзгартириши мумкин. Бозор бирлашган бўлиб қолиши эҳтимоли бор.
Стартап бошлаётганда, фақат бозор катталигига эмас, балки унинг тури ва тузилишига ҳам эътибор бериш керак.
Бозорнинг қайси қисмини оламан?
Қайси кичик сегментда мутлақ лидер бўла оламан?
Шу тарзда фикр юритиш стратегик ёндашув ҳисобланади.
@paiziev24