Жиззахдаги мактабларда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ота-оналар боғлари барпо этилмоқда
Юртимизда амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси асосида жойларда ижобий ташаббуслар муваффақиятли давом эттирилмоқда.
Хусусан, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ташаббуси билан умумтаълим мактаблари ҳудудида ота-оналар иштирокида боғлар ташкил этиш ишлари йўлга қўйилди.
Шундай эзгу ташаббусга Шароф Рашидов туманидаги 32-умумтаълим мактаби негизида янги ташкил этилган «Жасорат» мактабида ҳам гувоҳ бўлдик.
Мактаб ҳудудида «Ота-оналар боғи» барпо этилди.
Мазкур боғда мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ҳудуд янада обод ва файзли масканга айлантирилди.
Ушбу боғ нафақат мактаб атрофига гўзаллик бахш этади, балки ўқувчиларда экологик маданиятни шакллантириш ҳамда табиатга меҳр туйғусини сингдиришда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳа ота-оналарни мактаб ҳаётида фаол иштирок этишга ундаб, таълим муассасаси билан маҳалла ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бу каби ҳайрли ишлар туманнинг бошқа мактабларида ҳам тизимли йўлга қўйилган.
Хусусан, 15-умумтаълим мактабида ота-оналар томонидан 670 туп мевали дарахт кўчатлари экилиб, улар мунтазам парваришланмоқда.
Шунингдек, 19-умумтаълим мактабида мингдан зиёд мевали дарахт ҳамда 100 дан ортиқ манзарали дарахт мавжуд.
Янги ташкил этилган «Ота-оналар боғи»га 400 туп мевали дарахт кўчатлари экилган бўлиб, боғ назорати ушбу соҳада тажрибага эга мутахассисларга бириктирилган.
Маълумот ўрнида, Шароф Рашидов туманидаги мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг 65 фоизида, яъни 47 та мактаб ва 8 та болалар боғчасида ана шундай «Ота-оналар боғлари» ташкил этилган.
«Яшил макон – яшил келажак!» шиори остида давом этаётган бу каби ташаббуслар мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш йўлида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
🇺🇿Каналга уланиш:
@jizzaxviloyatihokimi