АҚШга кўчиб келгунимгача, чет элга сафарларим вақтида ўша ердаги янги маҳсулотлар ва сервисларни кўриб, илҳом олардим. Барча бизнесларимиз айнан шундай илҳомлар асосида пайдо бўлган.
Лекин ҳеч қаерда аввал икки ойдан кўпроқ яшамаганман.
Бу сафар эса мен қисқа тажрибалардан фарқли равишда бошқа — қизиқ ва чуқурроқ тажрибаларни бошимдан кечирмоқдаман. Масалан, АҚШ таълим тизими билан алоқалар: энг яхши таълим муассасалари — Стэнфорддаги қисқа муддатли ўқишим, рафиқамнинг университет тажрибаси, болаларимнинг мактаб ва боғча тажрибалари. Ўқитувчилар билан мулоқот, бола ривожланишига боғлиқ кузатувлар — буларнинг барчаси мен учун катта тажриба.
Бундан ташқари, АҚШдаги тиббиёт тизими билан танишяпман. Дунёдаги энг илғор клиникалардан бири — Стэнфорд шифохонаси фаолияти ва унинг бошқа тиббиёт муассасалари билан фарқини кўрмоқдаман. Шунингдек, бир неча бор онлайн тиббий маслаҳатлар олиш тажрибаси бўлди.
Яна бир муҳим жиҳати — узоқроқ муддат яшаш менга давлат органлари билан кўпроқ мулоқот қилиш имконини берди. Давлат хизматлари қанчалик осон ва мижозга йўналтирилган (customer-oriented) эканини кузатдим. Давлат хизматчилари қўллаб-қувватлашга тайёр ва самимий эканини ҳис қилдим. Масалан, битта ҳужжат керак эди. Давлат мулозимига email ёздим — 5 кун муҳлат бўлишига қарамай, 2 кунда, ҳеч қандай тўловсиз ишимни ҳал қилиб берди.
Узоқроқ яшаш, шунингдек, одамларни кузатиш, уларнинг фикрлари ва кечинмалари ҳақида кўпроқ билиш имконини бермоқда.
Кузатиш ва ўрганишда давом этмоқдаман…
@paiziev24