#қарор_таҳлили_мулкни_бўлиш
"Судлар томонидан эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги Олий суди Пленумининг 20.02.2023 йилдаги 3-сонли қарорининг 18-бандига кўра эр ва хотиннинг розилиги билан масъулияти чекланган жамият, қўшимча масъулиятли жамият, хўжалик ширкати устав фондига киритилган пул ва мулкий ҳиссалар, жумладан, кўчар ва кўчмас мулк мазкур тижорат ташкилотининг мулки ҳисобланади.
Бунда тижорат ташкилоти устав фондидаги улуш эр ва хотиннинг умумий биргаликдаги мулки ҳисобланади.
Манфаатдор эр ёки хотиннинг тижорат ташкилотидаги улушнинг бир қисмини унга ўтказиб бериш (улушни бўлиш) ҳақидаги талаби фақатгина қонун ёки тижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатларида улуш (бир қисми)ни учинчи шахсларга ўтиш имконияти назарда тутилган ҳолларда қаноатлантирилиши мумкин.
Бунда манфаатдор эр ёки хотин қонун ва таъсис ҳужжатларида белгиланган тижорат ташкилоти иштирокчиси мажбуриятларини қабул қилишга рози бўлиши лозим.
Акс ҳолда манфаатдор эр ёки хотин кўрсатилган тижорат ташкилотининг устав фондидаги унга тегишли улушини пул шаклида ажратиб беришни талаб қилишга ҳақли.
Низолашилаётган улуш қиймати тегишли тижорат ташкилотининг фаолиятини тартибга солувчи қонунда белгиланган қоидалар асосида аниқланади.
Энди эса амалий мисолга тўхталамиз, суд қароридан парча.
Ўз ўрнида, суд жавобгар А.А.нинг 01.01.2013 йилда Н.Н.нинг нотариал тартибда тасдиқланган розилик аризаси асосида Жомбой тумани, "А" кўчаси, 1-уй манзилидаги нотураржой биноси “Б” МЧЖнинг устав фондига киритилгани, кейинчалик устав фондидан чиқарилиб, уни номига
қайта давлат рўйхатидан ўтказилгани, шу сабабли уни ўзига тегишли мулк
ҳисобланиши борасида келтирган важларини суд асоссиз деб ҳисоблайди.
Бундай хулосага келишда, “Б” МЧЖнинг устав фондидан А.А.нинг улуши ушбу мулк билан шакллантирилгани, А.А. ўз улушини асл ҳолида олиб чиқиб кетгани, эр-хотиннинг биргаликдаги турмушлари даврида хўжалик
юритувчи субъектнинг устав фондига, яъни капиталига киритган улушлари уларнинг умумий биргаликдаги мулки ҳисобланиши, устав капитали пул ёхуд мулк, товар шаклида олинишидан қатъий назар, унга нисбатан эр-хотиннинг ҳуқуқлари сақланиб қолишини инобатга олади.
Ва натижада ушбу мулк эр ва хотиннинг умумий биргаликдаги мулки деб топилган
ва ҳар бирларини улушлари ½ қисмдан белгиланган.
Юридик масалаларда боғланиш 👉 @advokat_shamsiddinov
Каналга уланиш: @yurist_shamsiddinov