Ишлаб чиқариш таълими шартномаси ҳақида.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексидаги ажойиб янгиликлардан бири шубҳасиз, ишлаб чиқариш таълими шартномасидир. Бу амалиётга оид нормалар янги МКнинг 373-382-моддаларидаги 9 та моддадан ўрин олган.
☝️Айтмоқчи, қулайроқ бўлиши учун ушбу постда биз ишлаб чиқариш таълими шартномасини қисқартириб “ИЧТШ” деймиз, ишлаб чиқариш таълимини “ИЧ таълими” деймиз, қаршиликлар йўғ-а?
1. ИЧТШ кимлар билан тузилади? ИЧТШ иш берувчи ва ўқувчи ўртасида тузилади. Ўқувчи деганда, мактаб ёки коллежлардаги ўқувчини тушунманг. Шартноманинг бир тарафи корхона, яъни иш берувчи бўлса, иккинчи тараф ўқувчи бўлади. Шу иш берувчида ишлаётган ходим (масалан, бошқа лавозимга талабгор бўлган ходим) ёки ташқаридан келган иш қидираётган шахс, яъни бўш иш жойига талабгор шахс шартноманинг бир тарафи сифатида ўқувчи бўлиши мумкин.
2. ИЧТШни тузишдан мақсад нима? ИЧТШдан асосий мақсад ўқувчига шу корхонадаги муайян касб ёки лавозим бўйича таълим бериш, унга касбий билимлар, малакалар ва кўникмаларни ўргатиш ёки ўқувчини касбга қайта тайёрлашдир. Мисол учун, компания ташқаридан иш қидириб келган ва етарли тажрибага эга бўлмаган талабгорни бўш лавозимга ишга олишдан аввал, айни шу лавозим бўйича уни ўқитади, билим ва кўникмаларини оширади. ИЧ таълими якуни муваффаққиятли тугаса, ўқувчини шу бўш лавозимга ишга қабул қилиши мумкин. Яъни, иш берувчи ишни билмаган тажрибасиз номзодга аввал иш ўргатиб, ана ундан кейин уни ишга қабул қилади: ИЧТШ бундай мақсад учун айни муддао бўлмоқда.
3. ИЧТШнинг мазмунига қўйилган талаблар қандай? ИЧТШ ёзма равишда тузилади. Шартномада тарафларнинг номи, ўқувчига бериладиган аниқ малака, иш берувчининг ўқувчига яратадиган шарт-шароитлари, ўқувчининг ИЧТШда белгиланган муддат давомида иш берувчида ишлаб бериш мажбурияти, ИЧ таълими муддати, ўқиш даврида меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори, тарафларнинг реквизитлари ва бошқа шартлар кўрсатилади.
4. ИЧ таълимининг вақти қандай? Ўқувчининг ҳафта давомидаги ИЧ таълими вақти ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасидан ошмаслиги керак. Масалан, ўқувчи бош мутахассис лавозими бўйича таълим ўтаётган бўлса ва бу бош мутахассиснинг иш вақти хафтасига 40 соат ва кунига 8 соат бўладиган бўлса, демак ўқувчининг таълим вақти ҳам максимум ана шундай бўлади.
5. Ҳақ тўлаш масаласи. Ўқувчига ИЧ таълими даврида стипендия тўланади, унинг миқдори ИЧТШда белгиланади ва олинаётган малакага боғлиқ бўлади. Бироқ тўланадиган ҳақ миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Бу бир ой учун назарда тутилмоқда.
6. ИЧ таълими тугаганда, ўқувчининг ҳуқуқий ҳолати. ИЧ таълимини муваффақиятли тамомлаган ўқувчи агар иш қидираётган шахс бўлса, иш берувчи уни ишга қабул қилади ва бундай ҳолатларда дастлабки синов муддати белгиланмайди. ❗️Мабодо, ИЧ таълими тугаганидан кейин ўқувчи ИЧТШ бўйича мажбуриятларини узрли сабабларсиз бажармаса ва шартномада белгиланган ишга киришмаса, у ИЧ таълими вақтида олинган стипендияни иш берувчига қайтариб беради. Бундан ташқари, иш берувчининг ИЧ таълими билан боғлиқ ҳолда қилган бошқа харажатларини қайтаради.
7. ИЧТШни бекор қилиш. ИЧТШ шартномада кўрсатилган таълим муддати тугаши билан бекор бўлади, ёки шартномада кўрсатилган асослар бўйича ҳам муддатидан аввал бекор қилиниши мумкин.