Ишга тиклаш ўрнига пуллик товон ундирилганда, меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси нима бўлади?
Кўпчилик билади, ишга тиклаш судларида суд ходимнинг илтимосига (аризасига) асосан ишга тиклаш ўрнига, унга иш берувчидан 3 ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда товон пули ундириб бериши мумкин (МК 174-моддаси).
Бунда одатда ходимнинг даъво аризасидаги ишга тиклаш талабидан ташқари бошқа талаблари суд томонидан қаноатлантирилади. Бу ерда асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиш ва уни бекор қилиш ҳамда моддий ва маънавий зарарларни ундириш ҳақидаги талабларни назарда тутяпман.
Бироқ, шу жойида битта масала қолиб кетяпти назаримда. Бу меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини ўзгартириш масаласи.
Яъни масалан, суд ходимнинг даъво талаблари асосли деган хулосага келганда, “меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ ғайриқонуний деб топилсин ва бу буйруқ бекор қилинсин ҳамда ишга тиклаш ўрнига ходимга уч ойлик иш ҳақи учун фалон сўм ундирилсин. Шунингдек, ходимга мажбурий прогул юрган даври учун моддий зарар сифатида фалон сўм, маънавий зарар учун пистон сўм ундирилсин” деб қарор чиқаради. Табиийки, бундай ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги дейлик, 7 ой олдинги буйруқ бекор қилинган бўлади. Лекин ходим ишига тикланмайди, сабаби ишга тиклаш ўрнига товон пули ундирилган. Шунда агар ўша низоли буйруқ ва ундаги бўшатиш куни ҳам бекор бўлган бўлса, ходим қачондан ишдан бўшатилган бўлади? Ишга тикланмаган, лекин аввалги бўшатиш буйруғи бекор бўлган, хоп, унда ишдан бўшатишнинг ҳақиқий санаси қандай бўлиши ва қандай ҳал этилиши керак?
Юқорида айтганимдек, амалиётда бу масала очиқ қолиб кетяпти. Ишга тиклаш ўрнига товон пули олган ходим барибир ўша иш берувчига мурожаат қиляпти ва меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини суд қарори чиққан санага ўзгартириб беришни сўраяпти. Лекин иш берувчи суднинг қарорида бу ҳақида ҳеч нарса дейилмагани учун ходимга рад жавоби беряпти. Натижада, низо тўхтамаяпти.
Эътибор беринг, баъзан судлашаётган ходим бошқа яхшироқ ишга жойлашиб ишлаётган бўлса, унга судда ютқазган собиқ иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини ўзгартириш керак бўлмайди. Чунки, у шундоқ ҳам яхшироқ шароитдаги жойда ишламоқда ва ўртадаги ҳужжатлаштириш билан боғлиқ муаммолар унга ортиқча. Лекин ишсиз юриб судлашган ходимларга бу нарса (ишдан бўшатиш санасини ўзгартириб бериш) албатта керак, ҳеч бўлмаса стаж учун, тўғрими?
Менимча, шунақанги ҳолатларда даъвогар ходим ўз вазиятидан (бошқа жойда ишлаётган ёки ишламаётган ҳолатидан) келиб чиқиб, судга ишга тиклаш ўрнига товон пули ундириш ҳақидаги илтимоснома киритиш билан бир қаторда, меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини ўзгартириш ҳақида ҳам ариза киритиши мақсадга мувофиқ.
Шунда бу ишни кўраётган суд ходим ҳақ деган хулосага келганда, ўз қарорида ишга тиклаш ўрнига уч ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда товон пули ундиришдан ташқари, “меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси ушбу суд қарори чиққан кунга, яъни 2025 йил 23 апрель санасига ўзгартирилсин” деб кўрсатиб ўтса тўғри бўлади.
*Маълумот учун, Меҳнат кодексининг 558-моддаси биринчи қисми 2-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини ўзгартириш ҳақидаги ишлар ҳам судларда кўриб чиқиладиган ишлар сирасига киради.
👉@yuristkadr