#Инсон_азиз_хотира_муқаддас
Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош ғоясини ташкил этади.
Бу жиҳатлар Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ватан ва халқ озодлиги йўлида мардлик ва жасорат намунасини кўрсатиб, жанг майдонларида жонини фидо қилган ота-боболаримиз, мустақиллик йилларида халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиш ҳамда ўз хизмат бурчини адо этиш йўлида ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимиз хотирасини абадийлаштириш, уруш йилларида катта қийинчиликларни сабр-бардош билан енгиб ўтган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган фахрийларимизга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш борасидаги ишларда ҳам намоён бўлмоқда.
Бу санани биз ҳам хурсандчилик, ҳам изтироб билан нишонлаймиз. Урушнинг халқимиз бошига солган оғир кулфатлари, орадан шунча йиллар ўтса-да, унутилмайди. Ўша пайтда республикамиз аҳолиси 6,5 миллион киши бўлган бўлса, шундан 1 миллион 950 мингдан ортиғи урушда қатнашган. Уларнинг 538 мингдан зиёди қонли жангларда ҳалок бўлгани, 158 мингдан кўпроғи бедарак кетгани биз учун ҳеч қачон ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир йўқотишдир.
9-май “Хотира ва қадрлаш куни” олдидан “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида Совет Иттифоқи Қахрамони Фаязов Михаил (Мамашариф) Гиясович хотирасига бағишланган “Дўстининг исми билан яшаган қаҳрамон” номли китоб тақдимоти «Уч авлод учрашуви» доирасида бўлиб ўтди.
Чуст туман ҳокимлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари, туман Маданият бўлими, 34432-сонли ҳарбий қисм, вилоят Шарқий округ ҳарбий оркестри ҳамкорлигидаги ушбу тадбирни РМММ туман бўлинмаси раҳбари С. Насимхонова очди ва олиб борди.
Тадбирда “Хотира муқаддас”, “Дўстининг исми билан яшаган қахрамон” номли китоб хақида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Чустий” нашриёти бош муҳаррири Мансур Инъом, “Инсон хотираси азиз” мавзусида Генерал Майор Атаханов Рахматулло Нигматуллаевич, “Ёди учмас одамлар” мавзусида мехнат фахрийси Шарифжон Эралиев, Китоб хақида муаллифлар Одилжон Ражабов, Тўрамирза Орипов маърузаси ва Мамашариф отани дўстлари ва қариндошлари ўз фикр -мулоҳазалари билан иштирок этдилар.
Тадбир якунида Азаматжон Фаязов ( Мамашариф ота Фаязовнинг фарзанди) тадбир иштирокчиларига ўз миннатдорчилигини билдириб, отасини хотирлаб ўтди.
Чуст туман ҳокимлиги Ахборот хизмати