#Ҳадис_976📒
ТАОМЛАНИШ ОДОБЛАРИ
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади; таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирингиздан луқма тушса, ундаги нолойиқ нарсани кетказиб, кейин есин. Уни шайтонга тарк қилмасин. Агар фориғ бўлса, бармоқларини яласин. Чунки, у таомининг қаерида барака бўлишини билмас», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «У зот лаганни бармоқларимиз ила сидириб ялашга амр қилдилар ва: «Албатта, сизлар таомингизнинг қаерида барака бўлишини билмассиз, дедилар», дейилган».
✍(Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган).
📝Шарҳ:
Бу ҳадиси шарифдан динимиз таомга нисбатан қанчалар эътиборли бўлганини ва тежамкор бўлишимизни талаб қилганини билиб оламиз. Ажойиб бир ҳикмат. Таомнинг баракаси қаерда эканини билиб бўлмайди. Унинг асосий тўпидами, энг марказидами, ёки ерга тушган бирор луқма, томчи, увоқдами? Ёхуд таомнинг лаганга, идишга ёпишиб қолган қисмидами? Шунинг учун баракадан умидвор бўлган ҳар бир инсон бирор томчи ёки бирор увоқ таомни исроф қилмасин. Ҳаттоки, қўлини ва идишини ҳам ялаб қўйсин. Агар шундоқ қилмаса, ўз таомидан баракали жойини шайтони лаъинга берган бўлади. Ушбу ҳадисни ўрганар эканмиз, беихтиёр бугунги кундаги таом борасидаги исрофлар ёдимизга тушади. Орадан файзу бараканинг кўтарилгани эсга тушади. Ўзимиз қилар ишни қилиб қўйиб, нимага барака қолмади экан, деб юришимиз эсга тушади. Аллоҳнинг динига амал қилмаслик шундоқ бўлади. Ҳар бир нарсада салбий натижаларга олиб келади.
Ёшликдан болаларга шу одобни ўргатиб бориш керак.
Манба: Ҳадис ва Ҳаёт 16📚
@HADISLAR_TOPLAMIII📚