Тошболта қамоқдан чиқиб қишлоғида узоқ яшай олмаган эди. Худди биров атайин уюштираётгандай қайнотасига, қайноғаси, қайниларига дуч келаверди. Улар, айниқса қайнонаси, тилда гапирмасалар ҳам кўз қарашлари билан қарғардилар. Тракторчиликка бирга ўқиган ошнаси чўлдаги янги совхозда бригада бошлиғи экан, онасининг зиёратига келганда Тошболтани учратиб, ишга таклиф қилди. Тасодифни қарангки, ўша йили Адолат ҳам «қалб даъвати» ва комсомол йўлланмаси билан «чўл қувгани» келган экан. Унинг шаҳардаги қилиқларидан бехабар Тошболта жилмайиб қўйишларига хуштор бўлиб, «ўқитувчи халқи яхши бўлади», деган фикрда одам қўйди. Адолат «қамалиб чиққан тракторчига тегаманми», деб нозланиб ўтирмади. Зеро, бу ерга келишдан мақсади чўл қувиш эмас, бирон лақмани топиб эр қилиб олиш эди. Унга номи учун эр бўлса бас эди. Шунга биноан унинг мақсади шоирларнинг тили билан айтилувчи «чўлқуварлик» эмас, балки «ерқуварлик» эди. Тошболта уйлангач, «хотинимнинг исми ўзига мос экан», деб қизини олиб келди. Дастлаб турмушидан рози эди. Адолат кўп жиҳатлари билан биринчи хотинидан аълороқ туюлди. Кейин-кейин асал ойлари тугаб, заҳар кунлари бошлангач, «Агар Адолат дегани шу бўлса, адолатига минг лаънат!» деб пешонасига шапати урди. «Қўшнинг ёмон бўлса, кўчиб қутуласан, хотининг ёмон бўлса қўйиб қутуласан», дейишади. Тошболта бу мақолни биринчи ким тўқиганини билмайди. Билганида эди, ўша айтган одам ҳаёт бўлганида эди, унга тик боқиб: «Бекор айтибсан! — дерди. — Гапимга ишонмасанг, ана, Адолат деган шайтоннинг урғочисига уйланиб кўр-чи, қўйиб қутула олармикансан!»
Ёмон хотун шаётун қамчисидур, Қўлунг боғлагувчи арғамчисидур.
Ўшал хотунки номаҳрам назардур, Агар у шамсу қамардур мочахардур.
Агар чандики бузрукзодадур ул,
Яқин бил, тўрт оёқлик модадир ул...
Айни чилла пайтида бригадаларига бир мухбир келиб, қамиш чайлада ошхўрлик қилиб, «юзта-юзта отиб» ўтиришганда ёмон хотиндан гап чиқди-ю, меҳмон шу сатрларни ўқиб берди. Айрим сўзларига яхши тушунмаса ҳам шеър Тошболтага маъқул келиб, уч марта қайта ўқиттирди. Мухбир йигит «хотин ойдек бўлса ҳам, қуёшдек бўлса ҳам, агар у ёмон бўлса урғочи эшшакнинг ўзидур», деб изоҳ бергач, тўлқинланиб, кўзлари ёшланиб «акам бўласиз!» деб чўлпиллатиб ўпиб кетди. Сўнг сатрларни бир парча қоғозга ёздириб ҳам олди. Кайфи тарқагач, шеърни ҳам, сатрлар ёзилган қоғозни ҳам унутди. Кўйлаги ювиладиган бўлганда Адолатнинг қўлига тушиб, у лабини бурди. Шеърни ўша мухбир ёзган деб ўйлаб, эрига дашном берди-да: «ўшанингиз бекорларнинг бештасини айтибди, шайтон урғочи бўлмайди, эркак бўлади, шеър ҳам «ёмон хотун эмас, ёмон эркак дейилган», деб донолик қилди. Унинг ишонч билан айтган гапларини тинглаган киши «шайтонни шу туққанга ўхшайди, шайтоннинг эркаклигини аниқ биляпти-ку» дейиши мумкин.
Eр-хотин орасида биринчи жанжал чиққанида Адолатнинг ўзи унга «овора бўлманг, мени қўя олмайсиз. Мендан фақат ўлибгина қутуласиз», деб дангал айтган эди. Тошболта нима қилсин, тақдирга тан бериб яшайверди. Фақат ичиб олган кезлари дўстига ҳасрат қилиб «е, ошнам, сен менинг дардимни билмайсан, пешонамнинг шўрини ўлчаш учун трактор тортадиган тарозининг ҳам кучи етмайди», деб нолирди. Адолат эса меҳрибонлик қилиб унга яна учта қиз туғиб берди. Қизлари туғилгунича бир нави эди. Ана ундан кейин Нафисанинг ҳам қора кунлари бошланди. Ўгай она қандай бўлмоғини билмоқ истаганлар Нафисадан сўрасалар эди, у айтиб берарди. Ўгай оналарнинг зулми ҳақида ҳикоялар кўп. Адолат улардан ўтса ўтардики, кам эмас эди. Нафисани Турсуналига рўпара қилиш фикри дастлаб айнан шу хотиндан чиққани инобатга олинса, макр бобида тенгсиз эканини англамоқ мумкин.
... Тошболта ўликхонага олиб кетилган қизининг мурдасини қачон олиши мумкинлигини сўрашни ҳам унутиб, қишлоғи сари йўл олганида Адолатнинг ўша фикрини эслади. Эслади-ю, бўғилди. Шунда ҳам «Аҳмоқ хотиннинг гапига кирган — мен аҳмоқ!» демади. Унинг ақлсиз ақлига бундай гапнинг келиши мумкин ҳам эмасди. Бунинг ўрнига «Нафисани директорга қўшингу кейин Турсуналини соғин сигирдай соғиб юраверинг», деган тилларини узиб олгиси келди. Қандай қилиб қўшишни ўргатган бу хотинни ўша пайт-да ўлдирмаганига ачинди.