Наманган давлат университети ректори Собитхон ТУРҒУНОВнинг Рамазон ҳайити муносабати билан
БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, азиз ҳамкасблар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар!
Барчангизни қутлуғ Рамазон ҳайити муносабати билан табриклайман ва қалбимдаги энг эзгу тилакларимни изҳор этиб қоламан!
Биз дилларимизда ўзгача сурур, ҳис-ҳаяжон билан ўтказган муборак Рамазон ойи сабр, меҳр-оқибат, саховат ойи сифатида ҳаётимизда ўзига хос из қолдиргани, шубҳасиз. Чунки бу ой эзгулик, инсонийлик, ўзаро яхшиликлар улашишдек фурсатларни бизга тақдим этди, юракларимиздаги энг эзгу ҳисларнинг қайта уйғонишига, жамиятда азалий қадриятларимизни янада ёрқинроқ намоён бўлишига замин яратди.
Мен жамоамизни, ундаги барча ўқитувчи-мураббийлар – Сиз азизларнинг ёш авлод қалбига илм нурини сингдириш, маърифатли ва маънавиятли жамият қуриш йўлидаги хизматларингизни юксак баҳолайман. Инсон қадри ва манфаатлари улуғланган Янги Ўзбекистонда шарафли ва заҳматли касбда елкама-елка туриб фаолият олиб бораётганимиз – биз учун нафақат бахт, балки улкан масъулият эканини таъкидламоқчиман.
Қадрли жамоамиз аъзолари, талаба ўғил-қизларим!
Барчангизни муқаддас Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин юракдан қутлайман. Саховатдан юксалган кўнгиллар ҳамиша ёруғ бўлсин. Қалбингиздаги гўзал ниятларнинг барчасини Аллоҳ ижобат қилсин. Илм йўлидаги риёзатларингиз ажру мукофотини Яратган беадад, беҳисоб қилиб берсин. Юртимиз, хонадонларимиз ҳамиша тинч, обод, ҳаётимиз фаровон бўлсин. Сиҳат-саломатлик, узоқ умр, касбий муваффақиятлар мудом ҳамроҳингизга айлансин.
Сизлар орқали оила аъзоларингизга ҳам тани-сиҳатлик, тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт, дастурхонларингизга қут-барака тилайман. Улуғ кунлар файзи, шукуҳи, таровати қалбларимизни асло тарк этмасин.
Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!