ҲАМДАРДЛИК
Наманган вилояти олий таълим тизими ва илм-фан соҳаси оғир жудоликка учради.
Бутун умрини ёшлар таълим-тарбияси, илм-фан тараққиёти ва Наманган вилоятининг ижтимоий ҳаётини юксалтиришга бағишлаган таниқли жамоат арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ маорифи ходими», «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, фидойи устоз ва олим Муфатхон Маматов 93 ёшида вафот этди.
Марҳум ўзининг кучли билими, бой ҳаётий тажрибаси, юксак раҳбарлик салоҳияти, инсоний фазилатлари ва масъулияти билан юртимиз таълим ва фан соҳасига беқиёс ҳисса қўшди.
М. Маматов 1971 йилда Наманган педагогика институти ректори этиб тайинланди ва 1993 йилга қадар қарийб 30 йилга яқин шу лавозимда фаолият юритди. (Кейинчалик институт Наманган давлат университетига айлантирилди). 1994-2005 йилларда эса устоз «Нуроний» жамғармаси Наманган вилоят бўлими бошлиғи сифатида иш олиб борди.
Марҳум узоқ йиллар давомида Наманган давлат университети ректори лавозимида самарали фаолият юритиб, мазкур олий таълим даргоҳининг тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилди. Унинг олий таълим муассасасига раҳбарлиги даврида кўплаб янги ўқув бинолари барпо этилди, замонавий йўналишлар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Устознинг юзлаб шогирдлари бугунги кунда мамлакатимизнинг турли соҳаларида раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилмоқдалар. Улар орасида академиклар, профессорлар, фан докторларининг кўп эканлиги алоҳида эътирофга лойиқдир.
М.Маматовнинг эҳтимоллар назарияси ва лимит теоремаларига оид 100 га яқин илмий мақолалари чоп этилган. «Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика» номли ўқув қўлланмаси эса талабалар учун энг қимматли манбага айланган.
М.Маматовнинг фидокорона хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб эътироф этилди. У кўплаб орден ва медаллар билан тақдирланди.
Устоз Муфатхон Маматовнинг вафоти қадрдон жамоаси ва кенг жамоатчилик учун катта йўқотиш бўлди. Унинг оила аъзолари, яқинлари, ҳамкасблари ва шогирдларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.
Самимий инсон, ажойиб устоз Муфатхон Маматовнинг ёрқин хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади.
С. Турғунов, И. Одилов, Д. Холматов,
А.Расулов, Р. Имомов, Т. Файзуллаев