⚠️ “Дўстлик” чегара божхона постида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди
Хоразм вилояти божхона бошқармасининг “Дўстлик” чегара божхона постида махсус-тактик ўқув машқи ташкил этилди. Ушбу машқ “Контрабанда йўли билан олиб кирилган ионлаштирувчи нурланиш манбаларини аниқлаш ва улар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда давлат қуйи тизими хизматлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусига бағишланди.
Машғулотда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия ва бошқа тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этди. Ўқув машқи давомида турли хизматлар томонидан вазиятни баҳолаш, тезкор чоралар кўриш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва оқибатларни бартараф этиш бўйича амалий кўникмалар синаб кўрилди. Фавқулодда вазият ҳақидаги тезкор йиғин хабарига биноан хизматлар белгиланган вақтда қароргоҳга етиб келишди ва ўз вазифаларини бажаришга киришди.
Машқ жараёнида санкцияланмаган ионлаштирувчи нурланиш манбалари ёки уларнинг контрабандасига оид ҳолатлар аниқланган тақдирда, ходимлар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, тезкор назорат ўрнатиш ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар амалга оширилиши бўйича иш тажрибалари мустаҳкамланди.
Тадбир якунида барча иштирокчилар томонидан назарий ва амалий машғулотларга оид фикр-мулоҳазалар билдирилди, шунингдек, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.