Муҳаммад Юсуфнинг таваллуд кунига.
1. “Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман...”
(Муҳаммад Юсуф)
Андижонга борсам мен агар,
Муҳаммадни кўриб қайтаман.
У саволчан боқар ҳар сафар,
“Мен дардимни кимга айтаман?”
Мен куйлаган муҳаббат қани?
Меҳр қани, оқибат қани?
Шеърдан нега кетмоқда маъни?
“Мен дардимни кимга айтаман?”
Кўҳна дунё, сўқмоқларинг кўп,
Тиригингдан арвоҳларинг кўп,
Шоирингдан маддоҳларинг кўп,
“Мен дардимни кимга айтаман?
Шоирлар бор, ҳасадгўй, айёр,
Бир-бирини гажишга тайёр,
Ҳофизларнинг қўлида йўқ тор,
"Мен дардимни кимга айтаман?"
Элликқалъа. Ўшанда чоғи,
Шеърда эди хаёл, нигоҳи,
Видомиди, сўнгги дил оҳи?
“Мен дардимни кимга айтаман?”
Юракларда қолди излари,
Айтилмаган олов сўзлари,
Дардли, ўйчан эди кўзлари,
“Мен дардимни кимга айтаман?”
Ер остида юзлаб буюклар,
Юрак-бағри доғлар, куюклар,
Суйиб суйилмаган суюклар,
“Мен дардимни кимга айтаман?”
Шоирларнинг сардори кетди,
Қовунчининг шунқори кетди,
Марҳаматнинг баҳори кетди,
“Мен дардимни кимга айтаман?”
Шердил эди, шерюрак эди,
Шеъриятга у керак эди,
Таянч эди, бир тиргак эди,
“Мен дардимни кимга айтаман?”
Қудратингдан, ё қодир Оллоҳ,
Қабрида ҳар баҳор қизғалдоқ,
Салавотлар айтар ҳар гиёҳ,
“Мен дардимни кимга айтаман?”
Суратлардан боқади энди,
Юракларни ёқади энди,
Мисраларда оқади энди,
“Мен дардимни кимга айтаман?”
“Нима дейсан, эй ғаюр Инсон”,
Муҳаммаднинг бағрин қилдинг қон.
Икки гапинг биттаси ёлғон,
“Мен дардимни кимга айтаман?”
Гул қўяман пойига бориб,
Қарашидан маъно ахтариб,
Битикларим туюлар ғариб,
“Мен дардимни кимга айтаман?”
Марҳаматга борсам мен агар,
Муҳаммадни кўрмай келмайман,
У дардларин тўкар ҳар сафар,
“Мен кимга айтишни билмайман...”
2. Шоир ўтди. Бир шоир ўтди,
Йиғладилар қалдирғоч, жайрон.
Навоийнинг ёнига кетди,
Қизғалдоқнинг бағри бўлди қон.
Шоир ўтди. Кўксини ёриб,
Шер наъраси, ўтли нолалар.
Тоғу-тошни кезганда ҳориб,
Бош эгарди алвон лолалар.
Шоир ўтди. Қоғозга эмас,
Юракларга ёзиб шеърини.
Қаршисида “осмон бўлди паст”,
Улуғлади она ерини.
Шоир ўтди. Ёлғончи, қўрқоқ,
Маддоҳларни сийламас эди.
Юрт ҳақида гап кетса бироқ,
Жонини ҳам аямас эди.
Шоир ўтди. Тебранди дунё,
Ҳар каломи Ҳаққа доирлар.
Юз йилда бир туғилар аммо,
Ҳақиқатни айтган шоирлар.
Шоир ўтди. Жаранг соз тинди,
Тиндиролмай ёмонларини.
Самолардан кузатар энди,
Бу дунёнинг ёлғонларини.
Шоир ўтди. Бироқ энди у,
Юракларда, тилда, ниятда.
Шеъриятдек яшагай мангу,
Дахлдордир абадиятга...
Ёр МУҲАММАД.