Сабр меваси – 11-қисм
Муаллиф:Сезилмас_Қалам
Гулруҳ учун кунлар тобора оғирлашиб борарди. Қайнисингиллари ва қайнонаси устига тушган синовлар етарли эмасдек, уларнинг ножўя гап-сўзлари ҳам қалбини оғритарди. Бироқ у бир зум ҳам иродасини йўқотмади. У Аллоҳдан мадад сўраб, Қуръон тиловатига ва намозларига янада қаттиқроқ ёпишди.
Бу галги жанжал қайнонаси Зуҳрахоннинг янги танишлари – маҳалладаги икки аёлни уйга таклиф қилиши билан бошланди. Улардан бири Саида исмли, ўта чаққон ва оғзига келганини гапирадиган аёл бўлса, иккинчиси Камола – жумбоқли ва сирли табиатга эга аёл эди. Зуҳрахон уларни Гулруҳга таништириб, гўё яхши мақсадда чақиргандек кўрсатди:
— Мана, Саида ва Камола опаларинг. Биз билан бир маҳаллада яшашади. Қайси бир куни ёрдаминг тегиб қолса, танишиб қўй, – деди у, ўзига хос кибр билан.
Гулруҳ салом бериб, кулгули ва меҳрибон кўринишга ҳаракат қилди. Аммо Саиданинг илк сўзиёқ унинг кўнглига ғулғула солди:
— Энди, келин, маҳаллада яшаш осон эмас. Қарс икки қўлдан чиқади дейишади-ку, ёмон гап эшитсанг, демак, ўзингда ҳам айб бор.
Камола эса бироз зерикқандай илжайиб:
— Ҳа, ҳар бир келин ўзининг ўрнини билади. Айниқса, қайнона ва қайнисингиллар бор жойда. Уларнинг ҳурматини қилиб яшаш керак, – деди мулойим, аммо ичида бирор нарса борлигини билдирган овозда.
Гулруҳ бу гаплар ортида нималар ётганини яхши ҳис қилди. У дилида: "Эй, Аллоҳ, мени синовларингда саботли қил" – деб дуо қилди. У ҳеч кимга эътироз билдирмади, фақат сабр билан жавоб қайтарди:
— Ҳа, ҳақиқатдан ҳам оилада ўзаро ҳурмат муҳим.
Зуҳрахон бу сўзларни маъқуллагандай бош силкди, аммо Гулруҳ унинг кўзларида розиликдан кўра, бирор нарса кутилаётганини сезди.
Шу кеча Гулруҳ юрагида оғирлик билан намозга турди. У қолганларнинг бари ухлаганида, ёстиғини Қуръонга тиркатиб, ўқиб ўтирди. Оғир синовлар ичида ўзини Аллоҳга яқин ҳис этди. У билиб-билмай ич-ичидан йиғлади, аммо кўз ёшларини тўкмади. "Эй, Аллоҳ, менга йўл кўрсат, менга куч-ғайрат бер", деб чин дилдан илтижо қилди.
Эрталаб у яна бир синовга дуч келди. Саида ва Камола қўшнилар орасида Гулруҳ ҳақида ёлғон гап тарқатибди. Гўё у қайнисингилларига қўполлик қилади, қайнонасини ҳурмат қилмайди, деган гаплар тарқалди. Бу гаплар Каримнинг ҳам қулоғига етиб борган, аммо у бу борада ҳеч нарса демади. У уйга кирганда ҳар доимгидек Гулруҳ билан мулойим сўзлашди, унинг кўзларидаги дардни ҳис этгандай бўлди.
Гулруҳ Каримнинг меҳрибон муносабатидан куч олди. Бироқ у ўзини янада мустаҳкам тутишга қарор қилди. "Сабримни синашмоқда. Лекин мен Аллоҳга суянам. Сабр қилганлар, албатта, мукофотланади", деди ўзига.