* * *
Аламнок кўзларга чўккан изтироб,
Унча ярашмаган юзидаги хол.
Қақроқ қўлларига кийганча кўлқоп,
Ҳожатхоналарни ювади аёл.
Юзлари буришиб кетади баъзан,
Ғижимлаб ташланган қоғоздай гўё.
Бошга ўраб олган рўмоли арзон,
Мен уни танисам керак, Худоё!
Эҳтимол менгами туюлар шундай,
Сув эмас челаклаб қуяди кўзёш.
Онажон, мен сенинг пойингга чўкай,
Онажон, сен мени кечир, илтимос!
Бош урар кўксимга мудраган ором,
Минг йил қақшаб ётар энди сўнгагим.
Мен сенга кўксимни ёриб кўрсатсам,
Ювиб берасанми менинг юрагим?!
О, ёруғ кунларнинг барчаси ҳавас,
Токи шафаққача тўқилган ёлғон.
Бу юрак, бу дардлар меники эмас,
Ким учун аталган кўксимдаги жон?!
Айт қандай ўзимни сенга келтирай,
Гулларга тўлдириб қўяй хонангни?!
Сен менинг шеърларим ўқиб ўтирсанг,
Мен ювиб чиқаман ҳожатхонангни.
Лочинбек Ҳасанов
#tabiatniasra
#yangiruhiyat
Sheʼr muallifi: Lochinbek Hasanov
Oʻqidi: Nurmuhammad Abduzoirov
Video: Begzod Hazratov
@Nurmuhammad_Abduzoir