УЛАМОЛАР ДУНЁВИЙЛАШИШИ КЕРАК
XVI асрдан бошлаб Марказий Осиёда исломлашув жараёни кучайди. Дастлаб Ўзбекхоннинг Олтин Ўрдада исломни қабул қилиши ва шариатнинг давлат бошқарув асоси қилиб олиниши натижасида Дашти Қипчоқ (Украина, Шимолий Кавказ, Қозоғистон) қипчоқлари исломни қабул қила бошлади. Бу жараён узоқ — то XIX асргача давом этди.
Марказий Осиёнинг исломга қайтишида Амир Темур ва Темурийларнинг ҳиссаси ҳам катта. Амир Темур минтақадан мўғул таъсири ва яса қонунларини кучсизлантирган бўлса. Мирзо Шоҳрур Темурийлар давлатининг пойтахти сифатида бугунги Афғонистондаги туркий шаҳар — Ҳиротни ўз пойтахти сифатида танлади ва у ерда шариат қонунларини жорий қилди.
Бироқ, бу бугун кўпчилик ўйлаганидек таназзулга эмас, балки юксалишга олиб келди, ва масалан, Самарқанд дунё илм марказига айланди.
Бунинг сабаби, Темурийлар шариат қонунларининг ортидаги дунёвий масалаларни тўғри тушунган эдилар. Шунинг учун ҳам, Улуғбек Самарқанддаги дунёвий мадрасасининг пештоқига ўзининг илмий изланишларига ҳидоят бўлган оятни нақш қилди.
Темурийлардан сўнг, Шайбонийлар даврида жамиятда шариат қонунлари ва тасаввуф кучайди. Эндиликда ислом уламолари икки хил йўналишда: жиноят ва жазо масаласида қозилик, тасаввуф ва тариқат масаласида пешволик йўлидан кетишди.
Шайбонийлар давридан кейин Марказий Осиёда дунёвий масалаларни чуқур ўрганган ва уни тадбиқ этган уламолар деярли кузатилмайди.
Ваҳоланки, Биринчи Ренессанс — Тоҳирийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар даврида дунёвий масалаларни чуқур ўрганган кўплаб диний уламолар етишиб чиққан эди.
Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Марвазий, Кеший, Шоший, Фаробий, Балосоғуний, Замахшарий, Хўжандий, Низомулмулк, Ғаззолий, Мотуридий, Бухорий, Ибн Муборак ва бошқа олимлар диний уламо бўлиш билан бирга, уларнинг ҳар бири бирор аниқ, табиий ёки ижтимоий, гуманитар фанларда етук уламолар эдилар.
Уларнинг ҳар бирининг асарларини ўқисангиз, ортида қандайдир илоҳий ҳикмат турганини кўрасиз.
Бироқ, Марказий Осиёда илмнинг дин ва дунёвийга айрилиши атеист-коммунистлардан аввалроқ содир бўлганди ва унда ўзимизнинг айбимиз ҳам бор эди.
Тасаввуф ва тариқатда пешволик ҳам, қозилик масалаларига ҳам ушбу илмларнинг жамиятшунослик билан боғлиқ жиҳатлари унутилган ҳолда ўрганилди ёки ҳақиқий олимлардан ўтиб, ўзгалар қўлида қолиб кетди.
Ваҳоланки, жамиятшунос ва сиёсатшунослар билишадики Қуръон ва Суннат барча соҳалар каби жуда кўп ижтимоий масалаларга илмий ва ҳикматга асосланган, соғлом ақл билан тафаккур қилса ўз исботини топадиган масалаларни ўз ичига олган.
Масалан биргина Вадо хутбасини олинг. Унда бутун жамият ва давлатни ислоҳ қиладиган тартиб қисқа ва лўнда баён қилинган.
Зотан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га қисқа жумлалар билан олам-олам маъноларни ифодалаш қобилияти берилганди.
Масалан, Фаробий ва Ибн Сино ўзларининг сиёсатга оид асарларида Вадо хутбасидаги масалалар ортидаги ҳикматларни шарҳлаб беради.
Умуман олганда, унда шундай дейилади:
1) Нафсингизнинг ҳаққини адо этинг;
2) Аёлларнинг ҳаққини адо этинг;
3) Оиланинг ҳаққини пдо этинг;
4) Жамиятнинг ҳаққини адо этинг.
Ифротдан (ҳаддан ошишликдан) сақланинг! Сиздан олдин ўтганларнинг ҳалокатга учрашларига диндаги ифротлари сабаб бўлган эди.
Юқоридаги жумлалар қисқа ва лўнда бўлиб, аслида бир-нечта докторлик диссертацияси учун мавзу бўладиган улкан ижтимоий ва сиёсий ҳикматларни ўз ичига олади. Бироқ, борми шундай тадқиқотиларимиз?
Шундай қилиб, бугун ҳам илоҳий ҳикматнинг дунёвий масалаларга оид қисмларини ўрганадиган ДУНЁВИЙ УЛАМОЛАРГА эҳтиёж сезмоқдамиз.