Сертификат олиш учун чет тилини билиш шарт эмас, 1.500 $ пул бўлса масала ҳал...
Африкалик студент Африка давлатларидан биридаги ОТМ (олий таълим муассасаси)да бўлаётган ҳолатни гапириб берди.
Унинг гапларига кўра, Африкадаги ОТМнинг бирида 130га яқин магистр, таянч докторант ва докторант бўлиб, улар чет тили (инглиз, немис ва турк)дан сертификат олиши шарт экан. Аммо, барчаси ҳам тилни билмайди. Лекин бу муаммо эмас, сертификатни олиш йўллари кўп, масалан, сертификат олиш харажати 1.500 (бир минг беш юз) доллар бўлиб, ўрнига тил билган билимли болалар кириб чиқади ёки бошқача махинациялар билан амалга оширилар экан.
Ўша давлатда 200 га яқин ОТМлар мавжуд бўлиб, ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак:
130(сертификат олувчи) х 200(ОТМ)=26.000.
26.000 нафар сертификат олувчини ҳар бири 1.500 доллар харажат қилса, жами сумма 39.000.000 (ўттиз тўққиз миллион) $ бўлади.
___
❗️Давлат ва ҳукумат раҳбарияти ҳамда таълимга масъул мутасаддилар диққатига
Амалдаги тартиб-қоидага кўра, магистр ва таянч докторант ҳамда докторантлар чет тиллари, жумладан, инглиз, немиc ёки турк тили бўйича сертификат олиши лозим.
Термиз давлат Муҳандислик ва агротехнологиялар университети мисолида оладиган бўлсак, университетда ҳозирда 130 га яқин магистр, таянч докторант ва докторантларга хорижий тил бўйича сертификат берилган бўлиб, шундан 70 фоиз талабга жавоб бермаслиги, сертификат олган тилни тўлиқ билмаслиги айтилмоқда.
Шунингдек, аксарият олийгоҳлар, илмий текшириш институтлар магистратура, таянч докторантура ва докторантураларга ўқишга ҳужжат топширувчиларга инглиз, немис ва турк тилидан берилган сертификатлар қалбакилигини била туриб ҳужжатларини қабул қилиб олган бўлиши мумкин.
Мисол тариқасида Термиз муҳандислик ва агротехнологиялар университети, республика пахтачилик илмий текшириш институтларини айтиш мумкин.
Агар юқоридаги ҳолатлар исботланса, Олий таьлим соҳасидаги кадрлар тайерлашда бу каби ноқонуний ҳаракатлар муҳтарам Президентимиз олиб бораётган одилона сиёсатларига зид эмасми, деган савол туғилади.
Савол туғилади:
Тилни яхши билмаса, ким ва нимага асосан сертификатга лойиқ деб топди?
Агар, сертификат олганлар қайта танловдан
ўтказилса, нечтаси лойиқ-у, нечтаси нолойиқ бўлиб чиқади?
Бундай йўлдан кетадиган бўлсак, ёшларнинг келажаги нима бўлади?
Агар ҳозирдан буни олди олинмаса, ёшлар келажагига, давлатимиз келажагига болта урилган бўлмайдими?
Рақамларда таҳлил қиладиган бўлсак битта ОТМ бўйича 130 та сертификат берилган бўлса, республика бўйича мавжуд 200 га яқин ОТМ бўйича сертификат олувчилар сони тахминан 26.000 (йигирма олти минг) нафарни ташкил қилади.
Ҳар бир магистр, докторант ёки таянч докторантга бир ойга 6.000.000 (олти млн) сўм тўланса, 26.000 кишига 156.000.000.000 (бир юз эллик олти миллиард) сўм тўланади
Бу бир ойга бюджетдан тўланадиган сумма.
Бир йилда эса 1.872.000.000.000 (бир триллион саккиз юз етмиш икки миллиард) сўм бўлади.
Фикримизча, махсус комиссия тузилиб, ҳар бир ҳужжат топшириб ўқиётган магистр, таянч докторант ҳамда докторантларнинг ҳар бири қайта (сертификат олиш учун) имтиҳондан ўтказилса, ҳақиқий ҳолат юзага чиқар эди.
Таълимга масъул бўлган тепадаги барча мутасаддилар ҳақиқий ҳолатни билганида, бюджетдаги триллионлаб маблағлар зое кетишига, бекорга сарфланишига йўл қўйишмасмиди...
Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, махсус комиссия тузилиб:
- сертификат масаласи такроран кўриб чиқилиши (ҳақиқатан лойиқ бўлган иқтидорлилар олиши керак);
- магистр, таянч докторант ва докторантлар 6 ойлик, 1 йиллик ҳисоботларни шунчаки номигагина топшириб келишаётгани;
- 1-курсларга дастур ҳозирга қадар тасдиқланмагани;
- профессорлар дарсларни ўзлари ўтмасдан, ассистентларга топшириб қўйган ҳолатлари назоратга олиниб, ўрганиб чиқилиши шарт!
P.S. Мисол тариқасида келтирилган Африка ва ўзимиздаги ОТМлар сони бир хиллиги шунчаки тасодифдан бошқа нарса эмас.