Хитойда Ўзбекистон адвокатураси ва чет эл инвестицияларининг ҳуқуқий кафолатларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди
Бугун, 7 апрел куни Хитойнинг Хайнан провинцияси Санья шаҳрида “Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикасида адвокатура ва адвокатлик фаолияти” ва “Ўзбекистонда хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш. Инвестициялар кафолатлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
ХХРнинг Хайнан юристлар ассоциацияси томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Илмий-услубий маслаҳат кенгаши раиси Баҳром Саломов бошчилигидаги делегация, хусусан, Палатанинг Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ва бир гуруҳ адвокатлар иштирок этишди.
Ўз навбатида, халқаро конференцияда Хитой тарафидан Хайнан провинцияси юристлар ассоциацияси президенти Фу Цюньфэнь, Кузатув кенгаши раиси Лю Нинган, вице-президент ва халқаро алоқалар бўйича қўмита раҳбари Тао Вэйвэй, Хайнан университети аспирантларининг илмий раҳбари, Хайкоу “Бир камар, бир йўл” адвокатлар маркази директорининг ўринбосари Жэнь Юнь, Ассоциациянинг аёллар комиссияси раҳбари ўринбосари Ли Циньянь, Ассоциация котиби ўринбосари Ли Кан ва бошқалар қатнашдилар.
Ўзбекистон адвокатларининг маърузалари хитойлик ҳамкасбларда катта таассурот қолдирди. Хусусан, ю.ф.д. Баҳром Саломовнинг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура ва адвокатлик фаолияти” мавзусидаги чиқиши чуқур таҳлил ва бой маълумотлар билан иштирокчиларнинг диққатини ўзига тортган бўлса, адвокат Алишер Мусахоний “Ўзбекистонда хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш” мавзусидаги маърузасида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган қулай ва барқарор муҳит ҳамда хорижий инвестицияларнинг ҳуқуқий кафолатлари бўйича батафсил ахборот тақдим этди.
Тадбир давомида Хайнан юристлар ассоциацияси президенти Фу Цюньфэн хонимга Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Ташкулов номидан Ўзбекистонда май ойида бўлиб ўтадиган “Tashkent Law Spring” халқаро юристлар форумига таклиф хати тантанали тарзда топширилди.
Конференция якунида Фу Цюньфэнь хонимга эса Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси Ш.Содиқов томонидан имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзо чекиш учун тақдим этилди, шунингдек мезбонларга эсдалик совғалари улашилди.
Бўлиб ўтган мазкур тадбир икки давлат адвокатлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаб, касбий алоқалар янада ривожланишига замин яратади, шунингдек Ўзбекистондаги инвестицион муҳитнинг жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими