Кумуш шунчаки халқ қўшиқларини шеърга солувчи эмас, балки ўзини топишга тинмай интилаётган шоир. У шунинг учун ҳам “Менинг қўшиғим” шеърида
Шундан бўлак нимам бор?
Паст қилма осмонимни.
Тангрим, яратиб бергин
Ўзимнинг достонимни!
деб ёзади.
У шеърият учун энг керакли – самимий шоир. Унинг самимиятни ўзига дастуриламал қилиб олганини ушбу сатрларини ўқиб англаймиз:
Ота, яна мен келдим.
Кўнглинг кўкдан кенг. Келдим!
Aввал юрагим келди,
Юрагимдан сўнг келдим.
Aссалому алайкум!
Кумушнинг аксар шеърлари ҳикоя каби ўқилади. Унинг шунчаки ёзган шеърлари деярли йўқ. У ҳар бир шеърига ижтимоий дард юклашга интилади. Аммо бу дард шеърда мана мен деб турмайди. Шеърни ўқир экансиз бу дард ичга оққан кўзёш каби юрагингизга оқиб киради. У Ватан ҳақидаги Широқ афсонасини ёдга солгувчи “Етти кунлик йўл” шеърида шундай манзараларни чизади:
Қумларга қон томиб боради,
Қумлар қонга қониб боради...
Бу сатрларни ўқир экансиз кўз ўнгингизда беихтиёр кесик бурнидан қумларга қони оқиб бораётган ватанпарвар Широқ сиймоси намоён бўлади. Шоир шеър давомида Широқ ва бугунги авлодни солиштириб, бугун унинг аксар набираларида етишмаётган ватанпарварлик ва жасоратдан куюниб ҳайқиради:
Ҳақиқат излаб ўнг-сўлингни кезгин,
Яқинроқ бўлсин деб йўлингни кесгин.
Беғамлик қулоғин, лоқайдлик бурнин
Кесгин! Кесолмасанг, қўлингни кесгин!
У ўзининг “Темур тузуклари” илҳомларида” туркум шеърларида Ватаннинг шонли тарихи кўзгусидан бугуннинг юзига боқиб малика Ўлжой Туркон оғога кўнгил ёради:
Aёллар қўллари қабарган,
Ўхшамас муҳтарам-мўътабарга.
Елкалар устида хуржунлар
Эрлари отланган сафарга.
Ўлжой Туркон оғо,
Дилда бир ибора ётибди,
Aйтмасам кўнгилга ботибди.
Эрлар ёвдан эмас,
Душмандан эмас,
Йўқчиликдан қочиб бораётибди.
Бу жой Турон, оғо!
Ватан ҳақида ёзмаган, унинг дардлари билан оғримаган шоир – шоир эмас! Шукур, қаҳрамонимиз бундай шоирлар сирасига кирмайди. У Ватан дардларига, оғриқларига бефарқ эмас, шунинг учун унинг юрт, миллат ҳақида битганлари шунчаки битиклар эмас – оғриқлар! У ушбу мавзудаги ҳар бир ёздиғини теран ижтимоий дард билан тугатади. Миллатдошларимизга оғир саволлар беради. Жумладан у Билга хоқон қаламга олинган “Тарихий хулоса” шеърини шундай уйғоқ савол билан якунлайди:
Бу Билга хоқоннинг билганлари.
Сиз нимани биласиз,
Оғзида ўттиз икки навкари борлар?!
У ушбу савол орқали миллатдошларимизни ҳар қандай вазиятда Ватан томонда бўлиш ва Ватанни сотмасликка чақиради.
Унинг “Ғарбона” туркуми ушбу тўпламдаги энг бадиий баркамол туркум бўлиб, у ушбу туркум орқали сарбастда ҳам кучли ва теран ёза олишини исботлади. У мазкур туркумда жаҳонда аёллар ҳақ-ҳуқуқлари учун курашган ҳамда ватани ва мамлакати ҳаётида туб бурилишлар ясаган Маргарет Тетчер, Ангела Меркел, Олена Зеленская, Ҳалима Ёқуб сингари аёлларни шарафлайди ва улуғлайди.
Умуман, бугунги аёллар шеърияти аввалги аёллар шеъриятидан нима билан фарқ қилади деб сўрасалар, мен мутлоқ ва инқилобий эркинликни очиқ талаб қилиб чиққани билан деб жавоб берган бўлур эдим. Албатта бу талаб одил бўлса ва холис янграса бу қувончли ҳодиса! Чунки шеъриятнинг ўзи ҳурлик ҳодисаси! У тор, биқиқ ва якранг муҳитни ҳеч қачон қабул қилмайди. Шунинг учун бугун жамиятдаги аёл оғриқлари ва эркини баралла куйлаётган аёл шоирларни тушуниш зарур! Кумуш “Бир вақтлар” шеърида шундай ёзади:
Бир вақтлар оталар қизларини
Бир қоп жўхорига алмашган.
Балки шунинг-чун
Товага тушган жўхоридай
Портлагим келар!
Бодроқ тайёрлаш ҳаммамиз кўрган ва билган ҳодиса: ёғ томизилган ва қиздирилган товага жўхори донларини солсак, у иссиққа дош беролмай бодраб пахтадай оппоқ бўлиб очилгани учун биз уни бодроқ деймиз. Шоир бу ҳодисани шеърига ташбеҳ ва ҳаётий асос қилиб олади. Аёл ҳам – ҳур инсон! Агар ундан эркини тортиб олсангиз, уни бодроқ идишидек тор ва биқиқ муҳитга солсангиз, унинг ҳам бодроқдек портламоғи тайин!
У ўзининг “Шарт” номли шеърида эса бугун маънавий соҳа вакилларига яшаш ҳар доимгидек осон бўлмаётганини алам ва изтироб билан қаламга олади: