Қуйидагилар ёзувчи ва журналист Раҳимжон Раҳматнинг фикрлари. Тўғри, у бир томонлама бўлиши мумкин. Лекин ўша даврга сиёсий баҳо берилиши ва бу тўғрида романлар ёзилиши кераклигига қўшиламан.
*
90-йиллар
Негадир адабиётимизда ўтган асрнинг 90-йилларидаги сиёсий, иқтисодий, криминал вазият ҳақида романлар ёзилмаяпти.
Бир томондан давлат бошқаруви фалажланган, иккинчи томондан жиноий гуруҳлар тезликда кучайган даврлар эди. Ўғрлик, қароқчилик, босқинчилик, рэкет бениҳоя авж олганди. Халқ дардини айтгани ҳокимиятга эмас, жиноий гуруҳлар лидерлари ёнига борарди. Заводлар, бозорлар, савдо шаҳобчалари жиноий тўдалар назоратига ўтганди.
Наша экиш, сохта ароқ сотиш халқ орасида кенг тарқалганди. Катта бойлар жиноятчиларга катта пул бериб ўзларининг ҳавфсизликларини таъминларди. Тоҳир Йўлдош ҳам бойлар томонидан қўллаб-қувватланган жиноий тўда раҳбари эди.
Жиноий гуруҳларга диний лидерлар яқинлашгач, уларнинг фаолиятида сиёсий оҳанглар пайдо бўла бошлаган.
Агар сиёсийлашган жиноий груҳлар қурол манбасини тополганида, давлат кескин чоралар кўришга кечикканида водий алоҳида давлат бўлиб ажралиб сиқишга уринган, бунинг натижасида фуқаролар уруши бошланган бўларди. Вазият шунга яқин бориб қолганди.
Сурхондарёлик Баҳром Абдуллаев деган диний лидер ўлимга ҳукм қилинганди. Мен унинг сиёсати тарафдори эмасман, менинг сиёсий тузум ҳақида ўз фикрларим бор. Мен бошқа нарса ҳақида ёзмоқчиман. Биз журналистлар ўлимга ҳукм қилинган Б. Абдуллаевнинг отасига микрафон тутиб, ўғлининг тақдири ҳақида савол бердик. Унинг жавоби қисқа бўлди: " Қўчқор қурбонлик учун яратилади". У бошқа гапирмади.
Хоразмлик Дармон ая деган аёлни танирдим. Уни Эрк партияси котиби Отаназар Орипов уйида кўргандим. Дармон аянинг тўртта ўғли бўлиб, ҳаммаси диний-сиёсий айб билан қамалганди. Бечора аёл.
Қийин даврлар эди.
Тоштурмада Зайниддин Асқаровдан интервью олганлардан биттаси мен эдим. Ўшанда у 1999-йилги портлашларни М. Солиҳ уюштирмаганини, бу ишни Андижонлик машҳур қорининг тарафдорлари ташкил қилганини айтганди. Кўп ўтмай Асқаров турмада вафот этди. Олдинроқ акаси турмадан озод қилинганди. 90-йиллардаги ўтиш даври минглаб оилаларга мусибат келтирди. Мусибатга учраганлар бегуноҳ эди демоқчи эмасман. Давр шундай эди. Оддий халқ орасидан чиққан лидерлар катта сиёсатга аралашишга журъат этганди. Сиёсатда рақиблар бир-бирига шафқат қилмайди.
Сиёсат шундай экан, нима ҳам дердик. Каримов даврида диний-сиёсий маҳбусларга, жиноий груҳ бошлиқларига нисбатан ўта ёмон қийноқлар қўлланилган. Ўтиш даврида курашлар ўта шафқатсиз бўларкан.
Мен бу ўринда ҳеч кимни оқламоқчи ёки қораламоқчи эмасман. Каримов ҳокимиятини сақлаб қолишга уринган.
Намангада Тоҳир Йўлдош груҳи фоҳишасан деб аёлларни юзига қора суркаб, эшакка тескари миндириб кўчада сазои қилишган. Ёш йигитларни ўғрликда гумон қилиб дарахтга оёғидан осиб қўйган. Бунақа қилмишлар жиноятдан бошқа нарса эмас эди. Жазолаш давлат ихтиёридаги ваколат.
Ўша даврлар ҳақида романлар ёзилса кўп яхши иш бўларди.
© Раҳимжон Раҳмат
@MubashshirAhmad