Ўрхон Помуқ. «Менинг отим қирмизи»
Асар воқеалари 1591 йилда, мусулмон тақвимига кўра 1000 йилда Истанбул кўчаларида кечади. Роман бошданоқ сирли қотиллик орқали сизни ўзига ром этади. Помуқ фалсафий мулоҳазаларни нафис услубда сюжетга қўшиб, одамларга, расмларга, буюмларга ва ҳатто рангларга овоз бахш этади.
Ренессанс давридан кубизмгача бўлган Ғарб санъати тарихи — бу кўриш, дунёқараш ва перспективага бўлган муҳаббат тарихи ҳисобланади. Исломий санъат, аниқроғи, инсонни тасвирлаш таъқиқлангани боис, исломий қўлёзма иллюстрацияси — реализм ва кўриш асосидаги тасвир ўрнига услублаштиришни танлайди. Шу қарама-қаршилик асарда марказий ўрин тутади. Ҳар қанча кўп образлар бўлмасин, ўқувчи Қора исмли наққош йигитни бош қаҳрамон сифатида кўради. У гўзал холаваччаси Шакурага ошиқ бўлиб рад этилгандан сўнг, 12 йил давомида Усмонли империясининг турли чеккаларида сарсон юради.
Қишнинг совуқ бир кунида туғилиб ўсган шаҳрига қайтганида, у ҳар нарса ўзгарганини кўради. Шакура унинг йўқлигида турмуш қуриб, ёлғиз қолган – эри бадарак кетган. Бу пайтда унинг отаси султон учун реализм ва перспектива асосида безатилган китоб яратиш лойиҳасини бошлаган. Бироқ бу жуда хавфли лойиҳа. Шаҳардаги исломий тўда ҳар қандай санъатга, айниқса Ғарб санъатига қарши. Қора бир вақтнинг ўзида Шакурани олиш ва қотилни топишга уринади. Роман давомида муҳаббат, таом, ҳаётнинг жисмий лаззатлари кўп тилга олинади. Болаларга бўлган муҳаббат ҳам алоҳида ўрин тутади: Шакура икки ўғлига меҳр ва садоқат билан боғланган.
Мусулмон миниатюра санъатида тасвирланган образлар ёзма матнга наф бермаса, улар бутунлай бут деб қабул қилиниши хавфи бор. Шу сабабли портрет санъатига нисбатан “бойлар ўртасида тарқалган иллат” деб қарашлар мавжуд. Китоб давомида деярли ҳар бир киши ўз портретини туширишни хоҳлайди. Роман қаҳрамонлари портрет санъатини ҳар хил баҳолайдилар; Помуқ уни мақтамайди ҳам, қораламайди ҳам. Балки бу орқали персонажларнинг Шарқ санъати билан Ғарб услубини уйғунлаштиришга бўлган уринишини кўрсатади. Роман давомида санъатдаги услуб, имзо ва индивидуаллик ҳақида бахс-мунозаралар ўртага чиқади. Баъзилар услубни камчилик деб ҳисоблайди. Бошқалар эса умумий “устахона услуби”ни сақлашни маъқул кўради. Шунга қарамасдан, роман услуб мавжудлигини инкор этолмайди. Қотиллик сири айнан наққошнинг услуби орқали очилади.
Ранглар рамзи ҳам романга чуқур маъно бағишлайди. Қизил ранги нафақат муҳаббат, балки ғазаб, инқилоб ва ўзгариш белгиси сифатида намоён бўлади. Бир бобда биз қизил рангнинг ўзи номи билан чиқишига гувоҳ бўламиз. Қизил рангни кўрмайдиган инсонга уни қандай тасвирлаш мумкин? Помуқ бу муаммони ўзига хос тарзда ечади. Икки кўр рассом рангни ҳис қилиш орқали шундай тасвирлайди: “Бармоғимиз учи билан тегинсайдик, темир билан мис орасида бўлур эди. Ҳовучимиз ичига олсайдик, ўт ёқарди. Тотсайдик, тузли эт каби тўқ бўларди. Оғзимизга олсайдик, тўлдирарди. Ҳидласайдик, от каби ҳид берарди. Чечак каби ҳид берсайди, мойчечакка ўхшарди, қирмизи гулга эмас.”
Янги султон тушида пайғамбарни кўради ва у огоҳ этгани туфайли барча ҳайкалу расмларни йўқ қилади; шу билан наққошлар ҳам санъатдан қўл ювади. Миллатнинг ўзлигини йўқотиш изтиробини Помуқ энг кўп қотил орқали ифода этади — у ҳеч қандай ёвуз қаҳрамон эмас, балки ботинида қораликни кўпроқ ҳис этадиган инсондир. Ўқувчи қалби қотилнинг ўлими ва севишганларнинг қовушишидан таскин топади. Романнинг охиридаги шаҳват ва муҳаббат уйғунлиги шундай ибора билан ифодаланади: “яраларга малҳам суриш”… Шакура ва Қора ўртасидаги муносабатлар нафақат ҳаёт ва ўлим, гуноҳ ва савоб орасида, балки бутун романнинг ғоясини ифода этадиган ҳиссиёт билан охирлайди. Асар сизни ҳузун бир кайфиятда қолдиради. Ўқишни тавсия қиламан.
@mittihaqiqatlar