Абдуқодир Ҳусановнинг захирага олиниши терма жамоа йиғинларидан кейин бошлангани шунчаки ноўрин тайминг холос, яъни Ҳусановнинг гўё формасини йўқотгани ҳақидаги фаразларга йўл очади холос, ортиқ эмас. Аммо менимча, бу фаразлар ноўрин.
Биринчидан, феврал-март тақвимида «Манчестер Сити» «Реал», «Нюкасл», «Ливерпул», «Ноттингем», «Тоттенҳэм» каби жамоаларга қарши ўйнади. У пайтда ҳам «Сити»нинг ўйини у қадар ишончли эмас, ҳам кўпроқ ҳимояланишга тўғри келардики, масалан, Стоунз соғ пайтида ҳам Мадридда Ҳусанов ҳатто қанотга бўлсаям қўйилди. Чунки манчестерликлар ҳимояланишга мухтож эди.
Кейинги рақиблар, «Борнмут», «Лестер», «Кристал Пэлас», «Эвертон», ҳатто «МЮ» ҳам юқорида саналган жамоалар каби хавфлимас ва «Сити» нисбатан ўйинини топиб олди, тўпни кўпроқ назорат қиляпти. Муҳими, жароҳат олган Ҳоланд ўрнига қўшимча яримҳимоячи тушириляпти, яъни энди тўп назорати ҳам Пеп Гвардиола шогирдлари томонига ўтмоқда.
Таққослаш учун, Ҳусанов феврал-март ўйинларида «Манчестер Сити»нинг ўртача тўп назорати 56% бўлган, сўнгги 4 учрашувда эса 65%га кўтарилган. Бу катта фарқ. Энди манчестерликлар кўпроқ тўп билан ўйнаяпти ва Ҳусановга бўлган эҳтиёж пасайган. Жамоа узун паслар эмас, қисқа узатмалар билан ҳужум уюштиришга ўтди. Қисқаси, яққол ҳимоячи Ҳусанов ва яққол ҳужумчи Холанд ўрнига икки яримҳимоячи пайдо бўлди.
Кеча Гвардиола жуда муҳим гап айтди:
«Ҳозир таркибимиз катта. Бу менга ёқмайди. Баъзи футболчилар ҳатто заявкага ҳам киролмай, уйда қолишди. Уйга бориб ойнага қарашади ва «мен бу ерда нима қиляпман?» деб савол беришади. Биз уларга ўз ишини қилишига имкон беролмаяпмиз»
Бир қараганда, анча тушунарсиз, мужмал фикрлар. Аммо давомини эшитганда, ҳаммаси ўрнига тушади. Гвардиола жароҳатлар кўплигини ва баъзи футболчилар мавсумнинг 25 фоиз ўйинларида ҳам тайёр бўлмаганини айтиб, уларни алмаштириш лозимлигини ҳам айтган. Яъни Пепга доим тайёр бўлган, доим ўйнайдиган, маълум даражани сақлаб тура оладиган футболчилар керакки, улар доим қайдномада бўлсин, керак бўлганда, ёрдам бера олсин. Ёзда клуб шу йўналишда иш олиб боради.
Шу жиҳатдан қарасак, бугун Ҳусанов уйда эмас, жамоа билан «Гуддисон»га келган. Гвардиолада нафақат асосий, қайдномага кириш ҳам осон эмаслигини унутиб қўймайлик.
@aslanov_futbol