Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазолари қўлланилмаслиги белгиланган. Масалан ЖК 167, 168, 184-моддалари.
Биринчи инстанцияда ушбу моддалар билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, апелляциягача зарар қопланган тақдирда апелляция инстанциясида судланувчи озодликка чиқарилиши деярли аниқ бўлиб қолади.
Судланувчининг қариндош уруғлари зарарни қоплаб апелляция суди мажлисини кўзлари тўрт бўлиб кутишади. Чунки судланувчи озодликка чиқарилишини улар ҳам билишади.
Бироқ айрим судьялар борки, шундай пайтларда ҳар хил баҳоналар билан суд мажлисини бошқа кунга қолдиришни бошлашади. Арзирли сабаб йўқ, лекин нимадир сабаблар билан ишни кўришни бошқа кунга қолдирилади. Бу ёқда қарз ҳавола қилиб, нимасинидир сотиб, ана бугун чиқади, ана эрта чиқади, деб судланувчини қариндошлари кутишади.
Энг ёмони, шунақа пайтларда судланувчининг қариндошлари ўртасида "Судья нимадандир умидвор шекилли", деган нотўғри қарашлар пайдо бўлади. Адвокат "Қонун бўйича суд барибир озодликка чиқаради, озгина сабр қилайлик", деса, "Бирорта одам топиб беш-ўн сўм бермасак бўлмайди, шекилли" деган фикрлар айтилади. Судья судраб юриб нималар қилиши ҳақида халқ оғзаки ижодидан намуналар айтилади. Шу пайтда "Бизни судларимизда бунақа нарса йўқ" деб тушунтиришга ҳаракат қилиб кўрингда, биров ишонармикан. Ҳохлаймизми-йўқми, шундай ҳолатлар ҳам суд обрўсига жиддий путур етказади.
Шунинг учун ҳам, ҳурматли СУДЬЯЛАР, Сизнинг кичик бир ҳаракатингиз ҳам ўзингиз сезмаган ҳолда бутун суд тизими ҳақида нотўғри қарашлар шаклланишига олиб келиши мумкин. Илтимос, шуни эсдан чиқарманг!!!
Каналга уланиш 👇
👉 @advokatqosimov 👈