Жомбой туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт ҳажми ортмоқда
Мамлакатимизда барча соҳалар каби иқтисодиётнинг муҳим бўғини ҳисобланган қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда устувор йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда.
Самарқанд вилоятида ҳам етиштирилаётган маҳсулотларни экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида 1,2 млн АҚШ долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари хорижга йўналтирилган. Бу соҳада ўсиш суръати ўтган йилги мос даврига қараганда 172,4% га ошганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Жомбой туманида 2025 йилда 39,5 млн АҚШ доллари қийматидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти режаси белгиланган бўлиб, бу борада вилоят божхона бошқармаси масъуллари яқиндан кўмак бериб келишмоқда.
Масалан, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимларига ёки кейинчалик хорижга сотиш мақсадида “божхона омбори”, “эркин омбор” ва “эркин божхона зонаси” режимларига ҳам товарларни “Импорт” шартномаси асосида расмийлаштиришга рухсат берилди.
Энди божхона ҳудудига аввал олиб кирилган товарларни “реэкспорт” режимига ёки “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимидан кейинги қайта ишлаш операцияси учун “эркин омбор” режимига “Экспорт” шартномаси асосида ҳам расмийлаштириш мумкин.
Бунинг натижасида туман тадбиркорларига, божхона ҳудудида қайта ишланган маҳсулотлардан қўшилган қийматли товарларни ҳосил қилиш учун уларни кейинги қайта ишлаш жараёнига тақдим этиш имконияти яратилди.
Тумандаги тадбиркорлар томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш ва қайта ишлаш натижасида ўтган йили 6 млн АҚШ доллари қийматидаги қуритилган мева ва узум маҳсулотлари Хитой давлатига экспорт қилинди.