Инсонлар оғриқларимизга малҳам бўлоладими?
Яқинда бир яхши суҳбатдошим билан шуни мулоҳаза қилгандик.
Улар: «Инсонлар малҳам бўлмас экан», — деганларида ўйланиб қолдим. Ахир нима сабаб одамларга интиламиз унда?
Мен айтдимки, одамлар малҳам қўйилганда унинг устидан боғланган боғич каби бўладилар.
Шуни яна озроқ ўйлаб кўрсак:
• бизнинг оғриқларимизга шифо фақатгина Аллоҳдан, буни малҳам деб олсак, боғич ўша малҳамни тутиб туриш учун керак;
• табиийки, баъзида иймон нури заифлашиб, тушкунликка тушамиз, хавотиримиз ортиб, ҳаловатимиз кетади. Худди шу пайт ҳам бизга иймон далда бўлади, лекин шу заифлашиб қолган иймонимизни ўзининг сўзи ва ёрдами билан инсонлар қувватлаб туради. Боғич ярага қўйилган малҳамни ташқи хавфлардан ҳимоялаб, уни тушиб кетишдан асрайди;
• гоҳида биз синамиз (маънан). Ўша пайт бизнинг синган қисмимиз тўғри қотиши учун ҳам шина (тиббий ускуна, суяк синганда ишлатилади) ва боғич керак бўлади, шинани тутиб туриш ҳам ўша боғичга боғлиқ.
Яна бошқа тарафдан қараб кўрсак:
• малҳам бор, унинг шифо бўлишига ишонч ҳам бор, лекин ташқи таъсирдан боғич орқали ҳимоя қилмасак, яраларимиз битиши мумкин, аммо сал секинлашиши мумкин, бизнинг Аллоҳга нисбатан гумонимизни тузатувчи бўлмагани каби, («Мен бандамнинг гумонидаман» мазмунидаги ҳадиси қудсийга ишора);
• баъзида боғичлар (оғир кунда далда бўлганлар)дан кечганимизда оғриқ бўлади, буни мисоли боғич ярамиздан чиққан қон билан бирга қотиб қолишига ўхшайди, вақтики, боғични ечмоқчи бўлсак, яра билан танамизга бирдек битиб қолган боғич, албатта, ярани қайта шилиб кетади;
• биз инсонлар баъзи боғичларга кўникиб қоламиз, улардан воз кечсак, аввалги қулайликни, хотиржамликни тополмаймиз, гўёки қўлимиз синиб шина боғлаб битгунча кутиб, қўлимизни ҳаракатлантирганимиз каби, боғич ечилгач бир муддат эркин ҳаракат қилишга қийналамиз.
Биз кўпинча шундаймиз, бизга далда бўлувчилардан, оғриқларимизни енгиллатганлардан воз кечамиз. Сабаби биз уни кирлатиб, ёмон аҳволга солган бўламиз, ўрнига янги, покиза боғичларни боғлаймиз ёки соғайиб уларга эҳтиёж сезмаймиз.
Бирор ким боғичларни ювиб қайта ишлатганини билмайман. Балки, биз бу борада исрофгардирмиз?!
Қ. Қ. Сизлар ҳам мулоҳазаларингизни ёзсангиз, албатта, мамнун бўламан.
Ўйлайманки, шартли сўзларни тўғри тушуниб ўқигансизлар.
@MuhammadAkbarAzim