МОНОЛОГ
Камариддин Артуа га
Ишқ. Санъат. Мусиқа
мени ушлаб қол!
Дунё —
занжири занглаган эшик,
жин кўча.
Ҳаётим —
йўргакда фол кўраётган чол,
лаҳза ўтмай хотирдан қиёфанг ўчар.
Учар болалигим кафтарларидай,
ҳуштак чалиб ҳайқираман,
қайтмас изига —
гўё мени чорлагандай
тарк этганим гул.
Соқолим қоришиб гуноҳ исига,
судраб кетаверар хато қўпган йўл.
О, йўл, сочўсардай титилган қисмат,
на унда чумчуқман, на ҳовуч тариқ.
Шарманда ҳисларнинг яқосин искаб
баттар бўғиламан юрганим сари.
Ғарибга ташланар юзлаб тилу кўз,
қийшиқ ўйларимга ўйлари салбий.
Нетай куйингизга тушмайдиган сўз —
танҳолик хочига михланган қалбим.
Тангрим, менга қўноқ атамадингми?
Дилларга кираман томоқ ҳўлларга.
Поездан тушаман манзилга етмай,
бўсадан сўнг келар чўлларга
сачрайман, ёзиб бўлинган шеърдай.
Лаззатсираб бўёқ чаплайман кунга,
теграмда суратлар тортишади — баҳс.
Наҳот бу сукунат заҳрига кўнган,
ёшлигим васлига етолмаган рақс?!
Нахс, чигил чизиқлар чуваласида
чумолидай изғийди умр.
Качкулдай дарвешлар елкасида
ташийман теп-текин муҳаббат юкин.
Мени ушлаб қолинг,
боғлаб олинг —
сизники бўлай!
Эшак қилиб мининглар, майли,
бўйнимда тўқим.
"Йўқ!"
Биламан, кимга ҳам керак
юрагини бузиб чиқмаган сўқим.
Яхшси ўлдиринг,
барибир ўлсам...
Ўлдиринг, розиман,
ўзингизни топмоқ йўли шу бўлса!
Мулзам покланай десам тоза сув тугул
таяммумга қон томмаган
бир кафт туфроқ топилмас ерда.
Шунга қарамай
бахтлиман, бахтлиман, бахтлиман — шеърда!
Тангрим, телбаликнинг охири борми?
Адоғи қаерда одамлик расмин?
Савол акс-садоси қулоқни ёрар,
таслимман адашган ўғилдай, таслим.
Аслим қабулига битмаган жаннат,
дўзах ҳам улашмас ҳасмидан бир тук.
Қутулсам қанийди, орқаланг, санъат —
Дарвеш елкасини қабартирган юк...
Қарсак чалиб ҳайқираман
умбалоқ ошаркан
йўқликка сингиб бораётган
болалигим кафтарларига —
қайтмас.
Мен-да қайтмасман,
айтмасман оламга ушбу қўшиқни:
Хато қўпган гажир йўлларда
бир зумга меҳмонмиз,
бир муддат йўлдош.
Шароблар улгурмас томоқ ҳўлларга,
тамаки тутатсак, бўш қолар кулдон.
Қайтмасман кўрмай ишқ зариф аксини,
кечиринг, бузилган тақдирлар — олий.
Кетарман ёлғизлик харитасини
ҳеч кимга билдирмай қўйнимга солиб,
аммо қерга?
Раққос фаришталар руҳимга ёрми?
Мени олиб чиқинг ёлғон сайрдан,
Тангрим, телбаликнинг охири борми?
Тўхтанг! О, мусиқа, театр, саҳна,
Чироқлар ва мана, қонга ботган хоч.
Адашган арвоҳлар қошида чақнаб,
рақсга тушаябман қиппа яланғоч!..
Тангрим, телбаликнинг охири борми?..
Жонтемир
@Jontemir_t