Карло Анчелоттининг ўрнига ким келади, деган саволга кўпроқ Хаби Алонсо варианти тилга олиняпти. Биринчидан, Алонсонинг кўтарилиш пайти аллақачон келган, иккинчидан, мураббий асосан ўзи ўйнаган жамоаларда ишлаш нияти борлиги ва шу жамоалардан таклиф тушса “Байер” осонгина қўйиб юборишга келишганликлари кўп айтиляпти. “Ливерпул”да Слот билан ҳаммаси жойида, Компани бир мавсумда истеъфога чиқмаса керак, ягона вариант “Реал” қоляпти.
Ҳаммаси яхши, фақат Алонсонинг қисқа муддатдаги барча мураббийлик муваффақиятлари 3-4-3 схемада амалга ошгани ҳам сир эмас. Бу талаб учун “Реал”нинг таркиби қанчалик тайёр? Муҳим масала. Албатта, савияли футболчилар ҳар қандай схемада ўзини кўрсата олади, аммо бу “Реал” даражасида, яъни барча мусобақаларда фаворит сифатида амалга ошириши янада мураккаб, баъзи футболчиларнинг самараси бироз тушиши, умумий натижага таъсир қилиши мумкин. Келинг, бир бошдан.
Марказий ҳимоя: Менимча 3 марказий ҳимоячи “Реал”да бемалол топилади. Алаба, Рюдигер каби футболчиларнинг бироз олдинга чиқиб ўйнай олиши ҳатто 3-4-3 “Реал” ҳимояси учун янада мосроқ деган хулосага олиб келиши ҳам мумкин.
Қанот футболчилари: Бу биринчи муаммо. Ҳам ҳужумда, ҳам ҳимояда бирдек фойдали ҳаракат қиладиган футболчилар керак. Васкес ва Карвахал бу профил учун мос келарди, агар ёшроқ бўлишганида. 33+ ёшда бу ҳажни бериш қийин. Бу схемада қанот футболчилари марказлашиб эмас, майдонни кенгайтириши, яъни янада қанотда ўйнашини эътиборга олсак, Валверде ва Камавингадан ҳозиргидек фойдаланиш қийинлашиб кетади.
Таянч зона. Тўп учун курашадиган ва яхши пасга эга бўлган футболчилар керак. Менимча, Себалиос, Валверде, Беллинҳэм, Камавинга, Тчуаменилар билан энг комплектлашган позиция.
Ҳужумкор яримҳимоячилар. Одатда “Байер”да яққол ҳужумчи ортида икки нафар “ўнлик”лар тўп суради. Вирц масалан бу схема учун идеал футболчи. Нафақат тезкор ва дриблинг билан ўзи гол урадиган, балки ўткир пасларга уста, ўйинни бошқариш хусусияти бўлиши лозим. “Реал”да учликда тўп сурадиган на Вини, на Родри, на Диас тўлиқ бу профилга тушади. Икки “ўнлик”дан бошқачароғи сифатида ўйнашлари мумкин, аммо иккинчи футболчи учун албатта керакли типаж керак. Ҳозирги таркибдан фақат Арда Гулердан керакли футболчи ясаш мумкин. Аммо Гулер қанчалик тайёр, бу мавсум жавоб бермади. Балким Беллинҳэм ҳам ўйнай олар.
Ҳужумчи. Бу системадаям Килиан Мбаппе ҳар қандай ҳужумчидан фойдалироқ бўлишига ишонаман. Аммо бир муҳим жиҳат бор. Бу системада ҳужумчи доим керакли пайтда жарима майдонида очилиши, доим якунлаш учун тайёр туриши лозим. Ортга қайтиб, комбинацияларда иштирок этиш талаб этилмайди. Агар Алонсо тизими Мбаппега ҳар ўйинда 3-4 вазият яратиб беришга қодир бўлса, яъни Мбаппе ҳар ўйинда 1-2 гол уриб турса, мана шу статистика учун ҳам у берилган ролга рози бўлиши, дриблинг ёки чиройли голлар кетидан қувмаслиги мумкин. Масалан кечки Роналду тезлиги ва дриблингни йўқотгач, бунга рози бўлган, яққол ҳужумчига айланган. Аввалгидек “мазза” қилмаган бўлса-да, голлар сони компенсация бўлиб ҳизмат қилган. Ёки Манчестерга келган Эрлинг Холандни олайлик. Бир сафар у бутун ўйин давомида 9 марта тўпга тегиб, 3 гол урганди. Агар Мбаппе футбол ўйнаш эмас, гол уришга рози бўлса, бемалол машинага айланиши мумкин.
Демак. Агар Алонсо келадиган бўлса, камида қанотга икки футболчи, шунингдек, камида бир нафар ҳужумкор яримҳимоячи сотиб олиши шарт. Бу минимал ҳолатда. Аслида 5 футболчи ҳам зарар қилмайди. Клуб ёзда трансфер бозорида фаол бўлишга тўғри келади.
Шу пайтгача клуб ўзи истаган футболчини сотиб олган ва мураббийдан уларни таркибга жойлаштириб, натижага эришиш талаб қилинган. Сўнгги 15 йилда ишлаган мураббийлар – Моуриньо, Анчелотти ва Зидан айнан шундай мураббий эди. Тизимли мураббий Лопатеги ярим йилга ҳам бормади.
Хаби Алонсо ўз услуби ва схемасига эга мураббий. Унинг мослашувчанлиги қай даражада эканини билмаймиз. Перес энди ўзини бошқача ролда синаб кўриши, мураббий тизимидан келиб чиқиб, керакли футболчиларни олиб бериши талаб этилади. Агар Алонсо келса.
@aslanov_futbol