Сталин - “миллат отаси”.
Сталин замонидага пропаганда машинаси замонавий дунёдаги баъзи пропаганда машиналарининг аждоди ҳисобланади. Доҳий даражасига кўтарилган Сталин ўзини “миллатлар отаси” дея таърифланишидан жуда бошқача хурсанд бўлган.
Ростан ҳам Сталин “миллатлар отаси”миди? Келинг бир таҳлил қилиб чиқамиз.
Сталин ўзини “миллат отаси” сифатида кўрсатиш учун давлат даражасида кучли пропаганда қурди. Газеталар, плакатлар, кинолар ва адабиётлар орқали уни:
• доим ҳақли,
• доим халқ ҳақида қайғурадиган,
• барча муваффақиятларнинг ягона сабабчиси
сифатида тасвирлашди. Унинг шахсияти “оғир замонларда халқни бошлаган буюк раҳбар” сифатида идеаллаштирилди.
Иккинчи жаҳон урушида Германия устидан қозонилган ғалаба Сталиннинг шахсий ютуғи сифатида талқин қилинди. Унинг стратегияси, “ўткир ақли” ва “қатъиятлилиги” орқали СССР фашизмни енгди, деган қараш давлат сиёсати даражасида илгари сурилди.
СССР кўп миллатли давлат эди. Сталин эса “барча миллатлар тенглигини таъминлаган”, “уларни бир байроқ остида бирлаштирган” раҳбар сифатида кўрсатилди. Унга “биродарлик”, “интернационализм” тимсоли сифатида қаралди.
Аслида Сталин даврида миллионлаб одамлар қатағон қилинди, ўлдирилди ёки Сибирга сургин қилинди. Лекин бу ҳақиқат халқдан яширилди. Аксинча, халқнинг дардини тинглайдиган “ота” деган образ яратилди.
Масалан, мактаб дарсликларида, шеърлар ва театрларда Сталин “донолиқ”, “меҳр”, “жасорат” тимсоли бўлиб акс эттирилган. Болалар “Сталин учун яшаймиз, Сталин учун ўламиз” деган шиорларда тарбияланган. Микрофон кўтарган журналистлар эса бу идеологияни халқнинг миясига сингдириш билан шуғулланган.
Сталиннинг “миллат отаси” сифатидаги мақоми — бу сиёсий миф бўлиб, халқни назорат остида ушлаш, шахсга сиғинишни кучайтириш ва режимни идеаллаштириш учун хизмат қилган. У ҳақдаги бу образ реал тарихий ҳақиқатдан кўра, махсус яратилган сиёсий афсона эди.
@bektoshkhatamov