ҲОЗИРГИ КУНДА ҲИЖРАТ ҚИЛИШ ФАРЗМИ?
#ҳижрат
❓1623-CАВОЛ: Интернетда мусулмон юртлардан ҳижрат қилиб кетиш фарз экани ҳақида чақириқларга кўзим тушди, ҳақиқатан ҳам ҳозирда ҳижрат қилиш фарзми?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳозирги кунда мусулмон юртлардан ҳижрат қилиш фарз эмас. Чунки ҳижрат куфр диёридан Ислом диёрига қилинади. Қадимдан мусулмонларнинг ери бўлган ва Ислом арконларига очиқчасига амал қилиниб келинаётган жойлар ислом диёри дейилади. Мусулмонлар тинч омон яшаётган жойдан жони, моли ва обрўсини хатарга қўйиб, ҳарбий ҳаракатлар кетаётган жойларга бориш ҳижратнинг маъносига бутунлай зиддир. Демак Ислом диёрини ташлаб кетиш шаръий ҳижрат дейилмайди, фарз ёки вожиблик касб қилмайди, балки оддий бир манзилдан бошқасига яшаш учун кўчиш бўлиб қолади.
Уламоларнинг сўзларига кўра ҳижрат танг ҳолат юзага келганида, яъни асосий фарз амалларни бажариш имкони қолмаганда амалга оширилади. Бунга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонларига суиқасд қилинганда Мадинага ҳижрат қилишлари ва мусулмонларнинг Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилиб жон сақлаганлари мисол бўлади. Мазкур ҳижратлар мусулмонларнинг жонлари, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан хатарнинг ўта кучайганлиги оқибатида содир бўлган.
Хулоса шуки, ғаразли мақсадлар билан фитна ўчоғига чақираётганларнинг даъволари асоссиз. Ҳар бир ақлли-мулоҳазали мусулмон инсон уларнинг алдовларига учмаслиги, мўътабар уламоларимизнинг кўрсатмаларига амал қилиши ва мусулмонларнинг катта жамоатини лозим тутиши керак. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.