#Зулмат.
(43- қисм)
Роза қизчани ўзи билан боғчага олиб келди, пишиллаб сутга тўғралган нонни еб ўтирган қизчага қараб ҳам ўпкаси тўлди. Ойазимнинг ёзишмалари бор дафтарни қўлига олди. Эски ўзбек ёзувида, чиройлироқ хуснихат, лекин кўп жойи шувалиб ҳира тортган. "Йиғлаб ёзган бўлса керак..."-ҳаёлидан ўтди. " Нимага лотинчада ёзмаган?!, биларди, саводи бор эди, жуда сирларинг кўп аёл эдинг Ойазим опа! " Роза очиб, бирор сатр тушунмаган дафтар-китобни ёпди.
Асрга яқин, кимдир ҳовлида чақиргандек бўлди.
Роза ажабланди, аза очилган уйда Ойазимга таниш бир аёл қолганди, ўша бўлса керак деб ташқарига чиқди. Катта ёшли бир аёл экан.
Боғчага айланган бинога таниш одамлардан эдими, ҳамма ёққа бир текис жавдираб қаради. Роза ичкаридан курси олиб чиқиб, аёлни ўтиришга таклиф қилди.
-Ойазимхонни қидириб келдим, онасининг танишиман- деди ёши катта аёл янаям жавдираб қараркан.
Роза ажабланиб, аёлга қаради, зўрға:
-Ҳабарингиз йўқми?!-дея олди ҳолос, кўзларидан яна ёш тирқирай бошлади.
Аёл ҳам ҳайратда эди, Роза бир амаллаб бугунги кўргуликни унга айтиб берди.
Бу жавобдан аёлнинг кўзлари бақрайиб қолди, лабларини рўмоли четига яшираркан, юзига қалтираб фотиҳа тортди.
-Бир нарсани сўрамоқчиман, ўша шу ерда ишлаётган, сиз "ўзини осди" деётган ростдан мингбошининг қизи Ойазиммиди?! Ё сиз менга бошқа одам ҳақида гапиряпсизми?!- деди яна мижғовлангандек.
Роза бош силкиганча- биринчи бор Ойазимни учратган кунидан бошлаб ҳамма воқеаларни гапириб берди, ташқи белгиларини ҳам санади. Бировлар уни "босмачининг қизи" деб аташганини ҳам. Кейин эсига ҳали икки ёшга тўлмаган Ойхон тушиб, кириб уни олиб чиқди.
Аёл Ойхонга ҳам ажабланиб қаради, кейин ўрнидан туриб, у ёқ-бу ёққа талмовсираб юрди.
Қўлидаги узун батис кийимни бошига паранжидек ёпиб, индамай боғчадан қайтиб чиқиб кетди. Унинг ортидан Роза- қўлида Ойхонни кўтарганча, ҳайрат ва ажабланишга тўла нигоҳлари билан кузатиб қолди.
"Тавба, қариндоши деб ўйлаб, адашдим шекилли" Роза ҳақиқатда бу аёлнинг нима мақсадда келганини тушунмаганча қолган эди.
Бу катта ёшли йўловчи аёл- ўша Куназимхон қизи учун омонат бисот қолдирган тегирмончининг аёли- Бибихожар эди!
***
Сафарали эрталабки ҳабарни эшитганча- музлаб қолганди. У ҳудди қўлга тушиб қолган "ўғри мушук" дек одимлар, ичида дарров жонига қасд этган аёлнинг оғзидан кимгадир гап учган-учмаганини тинмай ўйлар эди.
"Кимга гапиради?! Ҳеч нарсани сезмаган бўлиши керак, бировга айтиб улгурмагани аниқ!"
Сафарали марҳума ҳақида бировдан суриштиришга ҳам қўрқар, ҳаёлида у суриштирадиган одам ниманидир биладигандек, қандайдир сирдан ҳабардордек туюлаверарди.
Миролим чавандоз жанозага борганлардан экан, сўрамаса ҳам шу одам оз-моз гапириб ўтди:
-Саидғози мингбошини қизи қилган ишни қаранглар, йўқчилик одамни шу кўйга солиб, эсидан айираркан-да, "ким эдингу-ким бўлдинг мана?!", кечаги бошлар-оёқ бўлди... - дедию маталнинг давоми " оёқлар- бош бўлди! " ни айтишга Сафаралидан ҳаё қилди.
Сафарали зўрға юрак ютиб "сабаб нима, йўқчиликдан эканми?!" деб сўради, кейин сал овозини кўтариб:
-Ўлмаган биз йўқсилларнинг жони, йиллаб улар хон, кўланкаси майдон бўлишди, биз шу йўқчиликка чидадикку, нима бизга арқон қаҳатмиди?! - деб бир қошини сал кўтариб атрофга ола-зарак қараб қўйди.
(Давоми бор)
©️ Ummu Zaynab Ummu