Юқоридагилар билан бирга, жазони ўтаётган шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасидан ҳам улкан ишлар қилинди. Бу борада уларнинг жазо ўташ шароитлари яхшиланди.
Замонга мос келмайдиган эски колониялар ўрнига маҳкумлар меҳнат қилишлари учун эркин иқтисод талабларига тўла жавоб берадиган ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, жамоатчилик ўртасида салбий ном қозонган “Жаслиқ” колонияси тугатилди.
Илғор хорижий тажрибаларга мос равишда, шунингдек, Конституциямиз талаблари асосида маҳкумларга парламент ва жойлардаги халқ депутатларини сайлаш имконияти яратилди. Шу билан бирга, маҳкумларга қариндошлари билан қўшимча учрашувлар ва телефон сўзлашувларини амалга ошириш, уларнинг ижтимоий суғурта ва пенсия таъминотини олиш каби ҳуқуқлари доираси кенгайтирилди.
Вазирлик соҳавий хизматлари ва ҳудудий бўлинмаларининг вазифа ва функцияларини мақбуллаштириш бўйича институционал ёндашув, шунингдек, тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ва маиший шароитларини яхшилаш каби амалий ишлар уларнинг ўз хизмат вазифаларини мукаммал бажаришлари учун муносиб шарт-шароит яратиш имконини бермоқда.
Бугунги кунда раҳбар ходимларнинг ўз фаолияти якунлари юзасидан аҳоли олдида ҳисобот бериш тартиби, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга, шунингдек, ходимларнинг масъулиятини янада оширишга хизмат қилмоқда
Энг асосийси, тизимдаги бу ўзгаришлар мамлакат раҳбариятининг доимий диққат эътиборида бўлиб келмоқда. Юртбошимизнинг мамлакат ҳудудлари бўйлаб қилинаётган сафарларида, албатта, у ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари, биринчи навбатда, профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти, уларга яратиб берилаётган шароитлар билан бевосита танишаётганлиги, қисқа вақт ичида бу борадаги ишларнинг аҳволи бир неча марта Президент ҳузуридаги йиғилишларда кенг муҳокама этилаётганлиги бунинг исботидир.
2019 йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борадаги ишлар танқидий муҳокама қилиниб, Ички ишлар вазирлигига вазиятни тубдан яхшилаш, чуқур таҳлил асосида мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашиш бўйича маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиқиб, “ҳудудлар тажрибаси”ни жорий этиш, криминоген вазият оғир бўлган ҳудудларда илмий-тадқиқот ишлари ўтказиб, жиноятчилик аҳволи ўзгаришини криминологик прогнозлаш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиш каби вазифалар қўйилди.
Жойларларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш учун уюшмаган ёшлар ва хотин қизлар билан ишлаш соҳасига ҳам алоҳида ёндашилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги” қонуни асосида, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи “Ҳимоя ордери”ни бериш амалиёти киритилди.