🇰🇿🇦🇫Қозоғистон Бош вазири ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин раҳбарлигидаги делегация Афғонистонга ташриф буюрди.
Серик Жумангарин ва Афғонистон Муваққат ҳукумати раиси (Бош вазир) ўринбосари Мулла Абдулғани Бародар билан бўлиб ўтган музокараларда икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратилган.
Ташрифнинг асосий мақсади Қозоғистон томони Туркманистон ва Афғонистон орқали Жанубий Осиёга чиқишни мўлжал қилаётгани билан чамбарчас боғлиқ. Серик Жумангарин ташриф давомида Қозоғистон Торғунди – Ҳирот – Спин Болдак темир йўли лойиҳасининг Торғунди – Ҳирот босқичини амалга оширишни бошлаш учун 500 миллион доллар сармоя киритишга, шунингдек, лойиҳа фаолиятини бошқариш учун Ҳиротда логистика ва транспорт компаниясини ташкил этишга тайёрлигини билдирган. Куни кеча Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам Туркистонда Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан ўтказган учрашувида ушбу темир йўл масаласини муҳокама қилган.
Бундан ташқари, Қозоғистон Афғонистонни арзон интернет билан таъминлайдиган интернет-кабел лойиҳасини ишга туширишга тайёрлигини ҳам маълум қилган. Афғон матбуоти хабарларига кўра, икки томон қиймати 140 млн долларга тенг 17 та тижорий битимни имзолашган.
🔍@suhrob_buranov