Ёруғликка интилган зулмат...
Подшоҳдан сўрадилар:
- Энг катта орзуингиз нима, подшоҳи олам?
- Қани эди, бир кеча бўлса-да, салтанат муаммоларини ўйламасдан ором олсам...
Фозилдан сўрадилар:
- Ҳаётдан нима топдингиз?
- Ҳикмат ва ибрат...
- Қандай хулосага келдингиз?
- Ҳикматсиз ибрат бўлмас, ибратсиз ҳикмат...
Зулматдан сўрашди:
- Сен нимани соғиниб яшайсан?
- Ёруғликни.
- Нимадан қўрқасан?
- Қоронғуликдан...
Қўрқоқдан сўрашди:
- Айт-чи, сен нега қўрқасан?
- Агар ўзим ҳам билганимда эди...
Етимдан сўрашди:
- Кимларнинг қадрига етиб ва кимларнинг меҳрига тўйиб бўлмайди?
- Ота қадрига, она меҳрига...
Бойликдан сўрашди:
- Сенга нима етишмайди?
- Қувонч ва хотиржамлик...
Тўтидан сўрадилар:
- Нима кулгингни қистатади?
- Кишиларнинг менга тақлид қилишлари.
Филдан сўрадилар:
- Истагинг нима?
- Дунёдаги жамики сичқонларнинг биз филларга тегажонлик қилиши тақиқлансин...
Асаларидан сўрашди?
- Қанақа армонинг бор?
- Асалнинг тамини бир марта бўлса-да, татиб кўриш...
Ватандан сўрадилар:
- Сени нима ўйлантиради?
- Ота-боболари яшаб ўтган, ҳозирда ўзлари истиқомат қилаётган ва келгусида авлодлари учун ҳам мўътабар маскан бўлмиш ўз юртларига нисбатан одамларнинг бефарқ ва лоқайд бўлишлари...
Ватангадодан сўрадилар:
- Ушалиши қийин бўлган энг сўнги орзуингиз нима?
- Қанийди, Ватан йўлида жон фидо қилсам, кошкийди, ўз юртимда вафот этсам, хеч бўлмаганда, вафот этганимда, қабримга юртим тупроғидан бир чимдим ташланса...
Донодан сўрадилар:
- Ҳаётингни қандай ўтказдинг?
- Таълим олиш, одоб ўрганиш, ҳикмат йиғиш билан.
Нодондан сўрадилар:
- Умринг давомида нима иш билан шуғулландинг?
- Ҳеч ким изламаган ва тополмаган (фойдасиз!) нарсаларни ахтариш билан...
Муҳтарам зотдан сўрашди:
- Сиз бундай юксак мартабага қандай эришдингиз?
- Тўрт нарса орқали:
- элимга ва юртимга сидқидилдан хизмат қилдим;
- ишим ва сўзимда ёлғон ҳамда хиёнат аралашмади;
- туз тотган жойим ва ҳурмат кўрган кишиларимга янада кўпроқ меҳр кўргаздим;
- луқмам ва лафзим ҳалол бўлди.
“Фарзанднома” китобидан.