КАНАЛ БЎЙЛАРИ ДАРАХТЗОР БЎЛАДИ
Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев бугун Наманган вилоятида «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурида юклатилган вазифаларни амалга ошириш, суғориш тармоқларини бетонлаш, атрофини ободонлаштириш, давлат хусусий шериклик лойиҳалари, ижро интизомини мустаҳкамлаш масалаларини ўрганди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-330 сонли қарори асосида вилоят сув хўжалиги ташкилотлари томонидан бажарилаётган ишлар масъуллар иштирокида таҳлил қилинди.
Уйчи туманидаги “Қумтўғон” каналининг узунлиги 25 км бўлиб, 8 минг гектар экин майдонларини суғоришга хизмат қилади. Уйчи тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ тасарруфидаги ушбу каналнинг 3,8 км қисмида тупроқ ишлари бажарилиб, 2,2 км қисми бетон қилинди.
Вазир реконструкция ишларини сифатли бажариш, канал бўйларига дарахт кўчатларини экиш, “Сувчилар боғи” барпо этиш бўйича топшириқлар берди.
Вилоятда реконструкция қилинаётган бошқа каналлар, шунингдек ички суғориш тармоқларини бетонлаш режаларининг бажарилиши ўрганилди.
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир топшириғи замирида аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш, халқимизни рози қилишдек эзгу мақсадлар мужассам. Вилоят сув хўжалиги ташкилотларида топшириқларнинг ижро муддатидан олдин барвақт бажарилишини таъминлаш, раҳбарлар томонидан ижро интизоми ҳолатини ҳар ҳафта шахсан муҳокама қилиб бориш, шахсий масъулиятни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Масъулларга ДХШ бўйича янги таклифларни ишлаб чиқиш билан бирга мавжуд лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва хусусий шерик томонидан шартнома шартларининг бажарилишини мунтазам мониторинг қилиб бориш вазифаси юклатилди.
Норин-Сирдарё ИТҲБ матбуот хизмати