#ijod_psixologiyasi
Ижодкор бўлишнинг шарти нима?
Фақат ҳисдами? Фақат исён, мунтазам машқ ё ижодий муҳитдами?
Ҳеч биримиз зерикиш, маълум вазиятдан тўйиш, безиш санъатини билмаймиз. Аксинча бу ҳол бизга бекорчилик, бемаъниликдек туюлади. Нимадир билан машғул бўлмасак, ўзимизни айблаймиз, кечиролмаймиз. Ёшлигимиздан вақтни албатта нимадир билан тўлдириш (унинг нима эканининг аҳамияти йўқ), мудом ҳаракат қилаётгандек тутиш (ўзимиз учун), аслида эса вақтни ҳам, ўзимизни ҳам ўлдириш билан оворамиз.
Суҳбатдошимиз билан орамизга бир-икки дақиқа сукунат чўмиб қолса, ўзимизни ўнғайсиз сеза бошлаймиз, ҳеч эътибор берганмисиз? Сукунатни бузиш учун ҳеч қанақа қиммати, қадри йўқ, ҳатто жавоби ҳам қизиқ бўлмаган, жавоби сўроқсиз ҳам аниқ бўлган сўзларни ишга соламиз.
Ҳаёт ҳам, ижод ҳам худди шундай. Нима қилаётганимиз ва деяётганимиз муҳим эмас, муҳими фаолият. Қаердадир фаолият юритамиз, деб ҳам зап топганмиз-да сўзни. Фаолият – кундалик ғимир-ғимир, ҳаракат ундай бўлмайди, у отилиб чиқади ва шунга яраша нималарнидир (одамларни, компания ё ғояларни, тафаккурни... ) ҳаракатга келтиради. Исён ҳам ҳар куни туғилавермайди-ку! Тўпланиб-тўпланиб охири портлайди. Ижод ҳам шундай. Уни ҳар куни яратиб бўлмайди. Машқ, интизом... каби қатор шартлардан безиганида одам ижод қилади. У қуйма келади, қуйилиб-қуйилиб келади.
Унгача эса сиз зерикиш нуқтасигача етиб олишингиз, унгача ўзингизни кераксиз фаолиятлар билан чалғитмаслигингиз жуда муҳим.
Ижодкорга фақат ҳис қилишнинг ўзи камлик қилади. Илмнинг ўзи ҳам кам. Агарки унда идрок+яратувчанлик+ҳамдардлик бўлмас экан. Борлиққа исён қилаётган одам фақат ўзи учун, ўзининг манфаати ўзгариши учун исён қилмайди. У минглаб одамларнинг дардига шерик бўлолмас экан, уларни ўзидан ўтказолмас экан, шахсий дард билан нолишдан нарига ўтолмайди.
Ўзингизни турли чалғитувчи омиллардан асранг. Ёзолмаяпсизми, у оғриқ, авжга айланмагунча кутишни билинг. Чалғиманг. Ўзингизни, сўзингизни, вақтингизни “ахлат” ва шовқинга қурбон қилманг.
“Инсон ўзи ҳақидаги сийқа тасаввурларни янгилаши керак”, деган жумланинг муаллифи эсимда йўқ. Аммо сиз ижодда (ижодкор бўлиб) шу фикрни янгилашингиз керак!
Университетдаги илк дарс, талабаларга сўзлаган нутқимдан парча.