ШИРИН АБДУЛЛАЕВА
Мамлакатимиз санъати ёш хонанда Ширин Абдуллаева тимсолида катта йўқотишга дучор бўлди.
Ўзбек қўшиқчилик ҳамда кино санъатидаги умидли ва келажаги порлоқ наманганлик ёш хонанда, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Ширин Абдуллаева вафот этди.
2005 йил 14 декабрда Наманган шаҳрида туғилган Ширин Абдуллаева Хитой пойтахти Пекиндаги Цинхуа университети талабаси эди. Янги Ўзбекистон фаол ва илғор ёшларининг ёрқин вакили сифатида илм олиш билан бир қаторда хонандалик, модель ва актрисалик йўналишларида муваффақиятли фаолият юритиб келган Ширин Абдуллаева 2023 йилда санъат соҳасида эришган ютуқлари учун Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди.
Ш. Абдуллаева 2009 йилда “Онажоним” фильмида илк ролини ижро этган. Кейинчалик бир неча фильмларга суратга тушган. У “Тантана” ашула ва рақс ансамбли хонандаси сифатида давлатимизнинг тантанали байрам тадбирларида фаол иштирок этди.
Юксак иқтидор эгаси, фаол ва ташаббускор санъаткор Ширин Абдуллаеванинг вафоти муносабати билан яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Ширин Абдуллаеванинг чақмоқдек қисқа умри давомида ўзбек санъатида қолдирган ёрқин изи маданий меросимиз хазинасида, хотираси қалбларимизда умрбод сақланиб қолади.
Ш. Абдураззоқов, И.Нажмиддинов, Д. Якубова.