Донолик ва узоқни кўра билиш қобилияти ҳар қандай бойликдан устун туради…
Қадим замонларда, XIV-XV асрларнинг олис ўрмонларида, бир воқеа содир бўлди. Ўйлайманки, сизлар учун - бу воқеа донолик ҳақида ибратли ҳикоя бўлиб қолади.
Бир куни, қуёш нурлари дарахт шохлари орасидан ўтиб, ўрмонни олтин рангга бўяган пайтда, қудратли қирол ўз лашкарлари билан овга чиқди. Қирол, ғурур ва жасорат билан отини ниҳоятда тез ҳайдар, ўлжа изидан қувар эди. Аммо тақдир унга кутилмаган синов тайёрлаган эди.
Бирдан, қирол ўзини ёлғиз ҳис қилди - у лашкарларидан узоқлашиб кетганди. Шу пайт, ўрмон сукунатини ваҳимали ўкириш бузди. Қаршисида улкан шер пайдо бўлди, унинг кўзларида очлик ва ғазаб ёнарди. Қиролнинг юраги музлаб қолди, у ўлим нафасини ҳис қилди.
Худди шу дамда, гўё осмондан тушгандек, бир ёш чўпон пайдо бўлди. У қўлидаги таёқ билан шерга қарши чиқди, унинг кўзларида қўрқув эмас, қатъият акс этарди. Чўпоннинг жасорати ва чаққонлиги туфайли шер чекинишга мажбур бўлди.
Қирол ҳайратда қолди. У чўпонга миннатдорчилик билдириб, уни саройга таклиф қилди ва ҳатто қироллигининг ярмини ваъда қилди. Аммо чўпоннинг жавоби уни янада ҳайратга солди: "Олий ҳазратлари, менга сиздан ҳеч нарса керак эмас. Фақат рози бўлсангиз, бир илтимосим бор: яқинда бўладиган байрам кунида, халқ олдида мени бир марта бағрингизга босиб қўйсангиз, мен учун шунинг ўзи етарли."
Ниҳоят, кутилган байрам куни етиб келди. Шаҳар байрам либосига бурканган, кўчаларда шодиёна ҳукм сурарди. Ҳатто узоқ юртлардан келган меҳмонлар ҳам бу тантанани кузатиш учун йиғилган эди.
Қирол ўз отлиқлари билан халқ орасидан ўтаётганда, бирдан оломон орасидан ҳалиги чўпонни кўриб қолди ва уни ўзини олдига чақирди. Ҳамма ҳайрат ичида қотиб қолди - қирол отидан тушиб, чўпонни бағрига босди ва уни ўз отига ўтқазди. Бу манзара барчани лол қолдирди, чунки қирол илгари ҳеч қачон бундай қилмаган эди.
Йиллар ўтди. Бир куни қиролнинг қулоғига ғалати хабар етиб келди: “Қўшни юртда бир чўпон шоҳликка асос солибди. Одамлар уни ҳурмат қилар, у эса уларни масалаларини ҳал қилиб берар экан. У улкан қаср қураётган эмиш”-деб вазиятни етказишибти. Қирол бу хабарни эшитиб, ҳайрон бўлди. У вазирларини юбориб, воқеани аниқлашни буюрди. Маълум бўлдики, бу ўша - қиролни шердан қутқарган чўпон экан.
Қирол чўпонни ҳузурига чақиртирди ва ундан сўради: "Нега ўшанда менинг тайёр мулкимни рад этиб, энди ўзинг қироллик тузяпсан?" Чўпон жавоб берди: "Қиролим, агар ўша пайтда сизни совғангизни олганимда, буни фақат сиз билардингиз. Аммо байрам куни мени иззат-икром қилганингизни барча кўрди. Бу менга катта обрў келтирди. Мана шу обрў туфайли мен бугун янада буюкроқ ишларга қодирман. Шунинг учун мен бу йўлни танлагандим."-деб қиролдан ўз маконига қайтишни руҳсат сўради. Қирол ёш чўпонни донолигидан хайратда қолди ва унга ўз руҳсатини берди.
Бу ҳикоя бизга, ҳақиқий бойлик - бу фақат моддий бойлик эмас, балки одамларнинг ҳурмати ва ишончи эканлигини тушунтиради. Донолик ва узоқни кўра билиш қобилияти эса ҳар қандай бойликдан устун туради.
Изоҳларга ўз фикрларингизни ёзиб қолдиринг 💬
@baxrom_ceo