Азон ва иқоматдаги суннатлар
1. Азонни эркак киши айтмоқлиги. Аёл кишининг азон айтмоқлиги макруҳдир, чунки уларнинг қадри беркинишларидадир.
2. Азонни тик турган ҳолда айтишлик. Муаззиннинг ўтириб азон айтиши макруҳдир. Шу билан бирга такбирни ҳам ўтириб айтмоқлик макруҳ ҳисобланади.
3. Инсонлардан кўпчиликка эшиттириш мақсадида овозни имкон қадар баланд кўтариш.
4. Азонни баланд жойга чиқиб айтиш, чунки бунда овоз узоқроққа боради.
5. Азон ва иқоматни қиблага юзланиб айтишлик. Азонни ҳар томонга етказиш учун мезанани айланиб айтишнинг зарари йўқ.
6. «Ҳайя ъалассолаҳ»ни айтаётган вақтда юзни ўнг томонга буриш, «Ҳайя ъалал фалаҳ»да эса чап томонга ўгириш.
7. Азон жумлаларининг ораларини ажратиб айтиш, яъни бир жумлани айтиб бир лаҳза сукут қилиш ва кейин иккинчи жумлани айтиш. Азонда шошилмаслик, иқоматда эса бир оз тезроқ айтиш.
8. Азон айтаётганда таҳоратли бўлиш. Таҳоратсиз кишининг азони жоиз бўлса-да, бироз кароҳияти бор. Чунки азон ўзи намозга чақиришдир. Намозга чақирувчининг ўзи инсонлардан кўра намозга тайёр бўлишга ҳақлидир.
9. Муаззиннинг солиҳ киши бўлишлиги. Аллоҳнинг ибодатига чақирувчи солиҳликда инсонларнинг аълоси бўлгани маъқул. Фосиқ одамнинг азон айтишлиги макруҳ.
10. Азон билан иқоматнинг ўртасида намозхонлар етиб кела олиш миқдорича ўтириш. Бу тўрт ракат намоз ўқишлик миқдоридаги фурсат бўлади. Лекин шом намозидан азондан сўнг ўтирмасдан такбир айтиш маъқул, чунки шомнинг вақти тордир.
11. Муаззин азон айтаётганда гапирмаслиги, ҳатто салом берганга ҳам, акса уриб ҳамд айтган кишига ҳам жавоб қайтармаслиги лозим. Агар муаззин азон айтиш асносида бирор сўз содир этса, азонни қайтариб айтади.
12. Азон калималарини ноўрин чўзиб, маъноларини бузиб юборишдан муҳофаза қилиш. (Масалан, «Аллоҳ» калимасидаги алифни чўзиб «Аааллоҳу акбар», деса, азон маъноси бузилади. Чунки бунда Аллоҳнинг улуғлигига шак қилганга ўхшаб қолади. Ёки «Акбар» калимасидаги «ба»ни чўзиб «Аллоҳу акбааар», деса ҳам, маъно бузилади. Шайтоннинг исмларидан бири Акбааардир. Мана шу такбирни намознинг ичида ҳам шу каби бузиб айтса, намоз ботил бўлиб, қайтариб ўқиш лозим бўлади… – тарж.).
13. Такбир айтилгач, кечиктирмай намозни бошлашлик. Агар такбирдан сўнг намоз кечикиб кетса, у қайтариб айтилади. (Имом ҳам, жамоат ҳам такбирдаги «Ҳайя ъалассолаҳ»да ўринларидан туриб, «Қод қоматиссолаҳ»га етганда эса, намозга ният қилиб киришади… – тарж.).
Ушбу суннатлардан бирортасини қасддан тарк қилиш макруҳ. Муаззинга азон айтаётганда бармоқлари билан қулоқларини беркитиб олишлик мустаҳабдир. Чунки бу унинг овозини баландлашишига сабаб бўлади. Қазо намозларига азон ва такбир айтилади. Агар қазо намозлари кўп бўлса, аввалгисига азон, қолганларига такбир айтилади.
✅ Имкон қадар барчага юборинг👇
👉@NOMOZ – биргаликда ўрганамиз