Икковимиз олдинма-кейин чиқиб, яна инструктор ўтирган хонага ўтдик. У ўз ўрнига ўтиб ўтирди, стулнинг суянчиғига гавдасини ташлаб, оёқларини стол тагига узатган кўйи “Қалайсан?” дегандек тиржайиб юзимга тикилиб турди-турди-да: – Эшитдингиз-а? – деди мамнун. – Домла, худо, бешик дейдиган эскича, зарарли сўзлардан биттаям қолмасин. Айтгандай, Ботирхон Акрамов деган автор бор экан, паспортини олиб кўринглар, Ботирхонми ёки Ботирми, аниқланглар. Паспортда Ботирхон дейилган бўлса ҳам “хон”ини олиб ташланглар. Конца-концов ҳозир хонликлар замони эмаслигини тушунсин. Редакторингизга бориб айтинг, кўзига қарасин, у кишим соялаб юрган толлар кесилиб кетган. – Кейин бир янгилик яратгандай илжайиб қўшимча қилди: – Ўтин бўлиб ёқилиб кетган. Хи-хи-хи...
Орқага қайтаётиб Пирмат аканинг бошида айланаётган қуюн янаям қуюқлашиб бораётганини сезиб, ич-ичимдан эзилдим... Бўлим бошлиғининг иддаолари, инструкторнинг тирноқ тагидан кир қидириши, айниқса, “Миллионер редакторинг тўлайди!” – қабилидаги ошкора таҳдиди...
“Миллионер редактор...”нинг турмуши менга маълум: Бирлик даҳасидаги кичкина ҳовлида жўжабирдай жон тиқилиб яшайди, ортиқча ҳашамсиз, содда ва камтарона ҳаёт кечиради. Ойлик маошидан бошқа қинғир-қийшиқ тирикчилиги йўқ. Пули тугаб қолган пайтларда шофёрни юбориб, “думба-жигар” (тўрт тийинлик перашка) олиб келиб шу билан тушлик қилади...
Редакцияга келсам, бош муҳаррир ўринбосари Худойберди Тўхтабоев коридорда папирос чекиб, у ёқдан бу ёққа юриб турган экан.
– Ҳаяллаб кетдингиз, тинчликми? – деди Худойберди ака бесабрлик билан. – Журнал кечикиб кетди. Графикдан чиқиб кетяпмиз. Штрафга кўмилиб қоламиз-ку!
Изоҳ бериш ортиқча эди. Папкани очиб, лоларанг саҳифаларни кўрсатдим. Худойберди ака шатир-шутур қилиб вароқлай-вароқлай, охирига етганда устки лабини пастки лаби билан босиб менга қараб қолди:
– Бу нима?
– Ботирми, Ботирхонми аниқлашимиз зарур экан. Худо, домла, хон каби эски сўзларни ҳам битта қўймай териб ташланглар, дейишди. Ундан кейин...
– Мен нима қилдим?! – деб юборди Худойберди ака гапимни чўрт кесиб.
– Тузатишимиз керак, – дедим ташвишини тушунмай.
– Менинг отим Худойберди-ку, шуни тушуняпсизми?
Қассобга мой қайғуси, эчкига жон қайғуси, дегандек Худойберди аканинг ташвиши менга энди етиб келди: журналнинг навбатдаги сонида Худойберди Тўхтабоевнинг янги романи бошланиши керак эди. “Пиқ” этиб кулиб юборганимни билмай қолибман: – Кўпга келган тўй-да, Худойберди ака, нимаям дердик, – дедим хатоимни тузатган бўлиб.
Худойберди ака “қандай кунларга қолдик” дегандай мушкул ўйга чўмди.
V
Пирмат Шермуҳамедов яна нечта “Обьяснительное…” ёзди – ўзи билади. Аммо тафтишлар шу даражага етдики, юқоридан юборилган вакил эртадан-кечгача таҳририятда ўтириб ким қачон ишга келиб, қачон кетди-ю, кун бўйи неча бет таҳрир қилиб, қанча қўлёзма ўқидисигача – ҳамма-ҳаммасини ёзиб, ҳар куни тепага “Маълумот” жўнатишгача бориб етди. Коридорга совуқ сукунат иниб, хоналардан эшитилиб турадиган ҳазил-ҳузиллар камайди, муаллифларнинг қадами сийраклашди. Пирмат ака эса ҳар доимгидек бардам ва дадил, ҳеч нима билмагандек журнал ташвишлари билан овора эди. Фақат баъзи-баъзида ишдан кетаётиб, хонаси ва хонадаги темир сандиқнинг калитини менда қолдирарди: “Эрталаб бир жойга кириб – чиқадиган ишим бор, керак бўлиб қолса, қидириб юришманглар”. Бу манзара “Шарқ юлдузи” журналининг ижодий фаолияти Маказқўм бюросида муҳокама қилиниб, Пирмат Шермуҳамедов ўз аризасига кўра бош муҳаррир вазифасидан бўшатилгунича давом этди...
VI
Пирмат ака елкасидан босиб ётган тоғдан қутулган одам каби бутун вужуди билан ижодга шўнғиди. Адабий жараён, бадиий маҳорат, болалар адабиёти муаммолари бўйича қатор-қатор таҳлилий мақолалар битди, таниқли адиблар портретига чизгилар, эсселар яратди. Тарихни, улуғ аждодларимизнинг ҳаётини ўрганди. Муҳаммад Хоразмий, Хоразм маликаси, Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия Султонбегим ҳақида бадиа- қиссалар ёзди. Ўнлаб шогирдларининг кандидатлик ва докторлик ишларига илмий раҳбарлик қилди.