Энг катта ютуқ.
Мисрлик ёзувчи Мустафо Маҳмуднинг шундай сўзлари бор: Қолоқ давлатларнинг энг катта ютуғи - Жаҳон чемпионига чиқиш энг катта ютуқ, таълим ва тиббиётнинг инқирози эса оддий ҳолат дея ўз халқини ишонтира олишида.
Мен бу фикрга бироз қўшилмаган бўлар эдим, ҳа, спортнинг ривожланиши билан бутун ҳукумат ёки мамлакатни баҳолаб бўлмайди, аммо спорт орқали кўп нарсани ривожлантириш мумкин, мамлакатга инвестиция жалб қилиш мумкин бўлади. Биргина мисол Абдуқодир Ҳусановнинг Манчестер Ситига катта пулга ўтиши бошқа ёш футболчилар учун триггер бўлди, чунки буни уддаласа бўлар экан деган тушунчанинг ўзи жуда катта мотивация ҳисобланади.
Кеча 17-ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионлигини қўлга киритишимиз ҳам аслида ўша триггердан илҳомланган йигитларнинг ҳаракати туфайли бўлди. Ҳа, ҳозир таълимимиз, тиббиётимиз биз хоҳлагандек ҳолда эмас, аммо спорт барча ривожланиш учун юқумлиликни юқтириши мумкин. Ҳеч бўлмаганда бир соҳани ривожлантириб олсак, қолган соҳаларга буни кўчириб ўтказиш осонлашади.
Мустафо Маҳмуднинг гапларига бошқа томондан қўшиламан, ўзи қашшоқ халқни янада қашшоқлаштириш учун бор имкониятни ишга солиб унга бу ўзи нормал ҳолат дея қабул қилишларига ундалса ва халқ бунга ҳеч қандай реакция билдирмаса, халқ шундоқ ҳам қашшоқлашиб кетаверади.
Масалан, охирги божхона бўйича қабул қилинган қарорга ҳам эътибор берсангиз, мутлақо ўйламанган қарорлигига ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз ва бунда асосий эътибор техника маҳсулотлари, яна ҳам аниқ айтадиган бўлсак, айфон маҳсулотларига қаратилмоқда.
Ўзи Дубай ва Истанбул аэропортлари фақат ўзбекистонликлар чиқадиган дарвозада торози туради, энди ўша торози қайтиб келганингизда шаҳарга чиқишда ҳам туради шекилли. Мисол учун сиз Туркиядан келяпсиз, бир кун бўлдингиз, қўлингизда ҳеч қандай техника йўқ, аммо икки чемодан кийим олгансиз, қариндошларга, жиянларга, ака-укаларга, хўш божхоначи ўша кийимларни 1000 доллардан ошиб кетмаганини қандай аниқлайди. Катта эҳтимол билан буни аниқлаш механизми йўқ.
Ўз фуқароларини “ташмачи” деб атайдиган ва “ташмачилик” қилишига “мажбур қилиб қўйганлар” аслида халқнинг қашшоқлашишига ҳам энг асосий сабабчилар бўлса ажаб эмас.
@bektoshkhatamov