Популистлар босди менинг боғимни
Атроф тўла мол ҳайдовчилар, автотеррорчилар бўлиб турган вақтда радарларни олиб ташлашни сўраш бу энг камида ўша бефаросат ҳайдовчиларга яхши кўриниш учун қилинган қадам, кўпида эса окахонимизнинг ўзлари радарга кўп тушганлари сабаб бу ишга қўл урган.
Тасаввур қилинг, кўчада камера ва радарлар бўлади, лекин уларнинг ҳаммасиям тўғри қўйилган деб бўлмайди. Ёки кўчада камера ва радарлар умуман бўлмайди. Сиз қайси бирини танлайсиз? Мен албатта ноқонуний бўлса ҳам радар бўлиши тарафдориман. Чунки ўша ноқонуний радар 5-6 та ўпкасини босолмаган ҳайдовчига жарима олиб келиши мумкин, лекин камида битта болакайни бўлса ҳам ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Шундай экан бизнинг шароитда фақатгина радар ва камераларни кўпайтириш керак, жарималарни ошириш керак. Мошинага сиғинадиган, одамни уриб юборганда шифохонагача ҳам олиб бориш учун машинасини қизғонадиган бу миллатни бошқачасига жазолаб бўлмайди.
Наманган ҳокимига келадиган бўлсак ҳоким бобомиз одамларга эшитилиши ёқадиган гапларни эмас, ҳақиқатдан ҳам фойдаси тегадиган қарорларни қабул қилсин. ГАИдан радарларни олишни эмас, светофорларни кўпайтиришни, пиёдалар йўлакчаларини кўпайтиришни, мактаблар олдига камералар қўйишини сўрасин (ноқонуний бўлса ҳам майли).
Албатта бу гапларим сизларга ҳам ёқмаслиги мумкин, чунки ораларингда машина ҳайдайдиган потенциал автотеррорчилар бўлиши мумкин, лекин мен ҳоким бобо эмасман сизларга ёқадиган гап гапиришга мажбур.