Мир сегодня с "Юрий Подоляка"
Мир сегодня с "Юрий Подоляка"
Труха⚡️Україна
Труха⚡️Україна
Николаевский Ванёк
Николаевский Ванёк
Мир сегодня с "Юрий Подоляка"
Мир сегодня с "Юрий Подоляка"
Труха⚡️Україна
Труха⚡️Україна
Николаевский Ванёк
Николаевский Ванёк
Abdusaid Ko'chimov avatar
Abdusaid Ko'chimov
Abdusaid Ko'chimov avatar
Abdusaid Ko'chimov
23.04.202507:19
10.04.202505:21
каналлар учун
09.04.202503:05
01.04.202502:05
ТОНГ

Ҳар тонг туриб тонгга салом бер,
Ҳар тонг тонгга айтгин қасида.
«Ассалом!» – деб мардона ҳайқир,
Шодликларинг ўтли сасидан.

Чинни каби жарангласин ой,
Жарангласин сомон йўллари.
Жарангласин самовий чирой –
Соҳир саҳар камалаклари.

Титраб кетсин тоғлар тожию
Кавкабистон юлдузигача,
Шамолларнинг чилвир сочию
Уммонларнинг илдизигача.

Қаҳрабо тун кўмилсин куйга,
Куйга тўлсин нилий фалаклар.
Рақс тушсин илоҳий уйда
Оқ булутлар – саркаш малаклар.

Кўм-кўк гумбаз мавжлансин маъсум
Шабнамларнинг мунчоқ кўзида.
Чучмомалар қилсинлар таъзим
Қизғалдоғу бўтакўзига.

Зуҳро юлдуз – самовий туғён.
Насимларга ёр-ёрлар айтсин.
Шалолалар куйласин достон –
Қирлар яшил алёрлар айтсин.

Бошга кўтар париваш сиймо,
Мунаввар тонг – субҳи санамни.
Шундай сирли дамларда аммо
Ухлаб ётган одам одамми?

Ҳей уйқучи зотлар, туринг де,
Уйғот, мудроқ кўзларни уйғот!
Туринг, туринг, чаппар уринг деб
Сокин саҳар қучоғига от!

Бошга кўтар мунаввар тонгни,
Ҳар тонг шеър айт, айтгин қасида.
Маҳкам қучиб оппоқ оламни,
Ўпиб қўйгин пешонасидан.

https://t.me/abdusaidkuchimov
28.03.202502:05
ТОШКЕНТ

Кўп қадим кентларни қилдим зиёрат,
Ҳусну жамолига боқдим маҳлиё.
Шаҳарлар ичида қалъаи талъат
Тошкентдай қасрни кўрмадим асло –
Суюгим – кўзларим қароғи Тошкент,
Буюгим – қалбимнинг чароғи Тошкент!

Қудратли юртимнинг қуёшли тахти
Шоён наърасию овозасисан.
Улуғ Ватанимнинг қутлуғ пойтахти,
Шарқнинг маҳобатли дарвозасисан.
Йўқдир қардошларинг саноғи, Тошкент,
Шону шавкатингнинг адоғи, Тошкент!

Самарқанд, Бухоро, Хивадек сен ҳам
Гоҳ гуллаб-яшнадинг, гоҳо бўғилдинг.
Озодлик офтоби порлаган кундан
Қайта бунёд бўлдинг, қайта туғилдинг.
Меҳнаткаш, қўллари қадоғим Тошкент,
Дилбар орзуларим булоғи Тошкент!

Тузинг еб, тузлиғинг булғаган каслар
Хор бўлгай, бир тўғрам нонга зор бўлгай.
Улар – тўзонларда дайдиган каслар,
Дўл ургай уларни, чақмоқлар ургай! –
Нонкўрлар бўғзига қайроғим Тошкент,
Дўстларга қучоғи қайноғим Тошкент!

Римдир у, Московдир, Афина, Лондон,
Бари бир-биридан муаззам, якто.
Сен менинг уйимсан – азизсан жондан,
Уйдан айро яшаш мумкинми, илло,
Онамнинг меҳрибон бармоғи Тошкент,
Қалбимнинг меҳроби – ардоғи Тошкент!

Бир кун Сарбон бўлиб, бир куни Меъмор,
Бахтинг деб қайғурар шердил Юртбошим.
Сен ҳали Заминга бўлгайсан тумор,
Она-Сайёрамиз чақноқ қуёши –
Истиқбол, иқболи порлоғим Тошкент,
Бахт,
Тинчлик,
Муҳаббат байроғи – Тошкент!

Кўп қадим кентларни қилдим зиёрат,
Ҳусну жамолига боқдим маҳлиё.
Шаҳарлар ичида қалъаи талъат,
Тошкентдай қасрни кўрмадим асло!
Суюгим – кўзларим қароғи Тошкент,
Буюгим – қалбимнинг чароғи Тошкент!

https://t.me/abdusaidkuchimov
27.03.202514:05
– Эслайсизми, суҳбатларимизнинг бирида сизга буюк қомусий алломамиз Абу Райҳон Беруний ҳақида бир асар ёзмоқчи эканимни айтган эдим, – деди устоз ички бир қониқиш билан. – Ниҳоят орзуим ушалди, мақсадимга етдим, алломанинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган илмий-маърифий қиссани тугатдим. Асар “Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати” деб номланди. Шу кунларда Маҳмуд Замахшарий тўғрисидаги роман билан овора бўлиб юрибман. Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг яқингинада чоп этилган “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида бир қатор алломалар қаторида бу улуғ зотнинг номи ҳам меҳр билан тилга олинган. Юртбошимз айтган сўзлари менга айрича руҳ бағишлади. “Ўрта асрларда, – деб ёзади Президентимиз. – Хоразм диёридан олис Арабистонга бориб, араб тили грамматикасини мукаммал тарзда ишлаб чиққан, илм-фаннинг кўплаб бошқа соҳаларида ҳам шуҳрат қозонган Маҳмуд Замаҳшарий бобомизни эсга олайлик. Ўзининг жисмоний ногиронлигига қарамай, дунёнинг кўплаб мамлакатларига машаққатли сафарлар қилган, теран билими ва илмий салоҳияти билан бутун ислом оламини лол қолдирган бу зот, ҳеч шубҳасиз, халқимиз учун маънавий етуклик тимсоли бўлиб қолаверади”. Ҳақиқатан ҳам бу беназир алломанинг бебаҳо мероси инсониятни ҳайратга солади. – Пирмат ака чуқур нафас олди. – Худо қувват берса, – деб давом этди кейин, – бу ишни тугатсам, Фаробий ҳақида роман бошлайман. Материалларни тўплаб қўйдим...
Ҳар учрашувдан сўнг тез ва сокин оқар дарё тўлиб-тошиб оқиб ётганидан кўнглим тоғдай кўтарилади.

2008 йил 21 октябрь

https://t.me/abdusaidkuchimov
15.04.202502:03
ҚЎШҚАНОТ

Юлдуз эмиш оналар меҳри,
Оловга ҳам этурлар таққос.
Йўқ-йўқ, қуёш унинг қошида
Оддийгина учқундир, холос.

Бўрон эмиш оналар қаҳри,
Қиличга ҳам этурлар таққос.
Йўқ-йўқ, чақмоқ унинг қошида
Оддийгина учқундир, холос.

Шу икки куч қанотмиш унга,
Шу қанот-ла буюк эмиш у.
Дунё бино бўлгандан буён
Шу қанот-ла суюк эмиш у.

1968 йил
31.03.202502:01
СОТҚИН

Ўлим – барҳақ, ўлим – фарзу қарз,
Ҳар банданинг қазо куни бор.
Ўз ажали билан ўлмайди
Ватанини сотган бадкирдор.

https://t.me/abdusaidkuchimov
27.03.202514:05
Икковимиз олдинма-кейин чиқиб, яна инструктор ўтирган хонага ўтдик. У ўз ўрнига ўтиб ўтирди, стулнинг суянчиғига гавдасини ташлаб, оёқларини стол тагига узатган кўйи “Қалайсан?” дегандек тиржайиб юзимга тикилиб турди-турди-да: – Эшитдингиз-а? – деди мамнун. – Домла, худо, бешик дейдиган эскича, зарарли сўзлардан биттаям қолмасин. Айтгандай, Ботирхон Акрамов деган автор бор экан, паспортини олиб кўринглар, Ботирхонми ёки Ботирми, аниқланглар. Паспортда Ботирхон дейилган бўлса ҳам “хон”ини олиб ташланглар. Конца-концов ҳозир хонликлар замони эмаслигини тушунсин. Редакторингизга бориб айтинг, кўзига қарасин, у кишим соялаб юрган толлар кесилиб кетган. – Кейин бир янгилик яратгандай илжайиб қўшимча қилди: – Ўтин бўлиб ёқилиб кетган. Хи-хи-хи...
Орқага қайтаётиб Пирмат аканинг бошида айланаётган қуюн янаям қуюқлашиб бораётганини сезиб, ич-ичимдан эзилдим... Бўлим бошлиғининг иддаолари, инструкторнинг тирноқ тагидан кир қидириши, айниқса, “Миллионер редакторинг тўлайди!” – қабилидаги ошкора таҳдиди...
“Миллионер редактор...”нинг турмуши менга маълум: Бирлик даҳасидаги кичкина ҳовлида жўжабирдай жон тиқилиб яшайди, ортиқча ҳашамсиз, содда ва камтарона ҳаёт кечиради. Ойлик маошидан бошқа қинғир-қийшиқ тирикчилиги йўқ. Пули тугаб қолган пайтларда шофёрни юбориб, “думба-жигар” (тўрт тийинлик перашка) олиб келиб шу билан тушлик қилади...
Редакцияга келсам, бош муҳаррир ўринбосари Худойберди Тўхтабоев коридорда папирос чекиб, у ёқдан бу ёққа юриб турган экан.
– Ҳаяллаб кетдингиз, тинчликми? – деди Худойберди ака бесабрлик билан. – Журнал кечикиб кетди. Графикдан чиқиб кетяпмиз. Штрафга кўмилиб қоламиз-ку!
Изоҳ бериш ортиқча эди. Папкани очиб, лоларанг саҳифаларни кўрсатдим. Худойберди ака шатир-шутур қилиб вароқлай-вароқлай, охирига етганда устки лабини пастки лаби билан босиб менга қараб қолди:
– Бу нима?
– Ботирми, Ботирхонми аниқлашимиз зарур экан. Худо, домла, хон каби эски сўзларни ҳам битта қўймай териб ташланглар, дейишди. Ундан кейин...
– Мен нима қилдим?! – деб юборди Худойберди ака гапимни чўрт кесиб.
– Тузатишимиз керак, – дедим ташвишини тушунмай.
– Менинг отим Худойберди-ку, шуни тушуняпсизми?
Қассобга мой қайғуси, эчкига жон қайғуси, дегандек Худойберди аканинг ташвиши менга энди етиб келди: журналнинг навбатдаги сонида Худойберди Тўхтабоевнинг янги романи бошланиши керак эди. “Пиқ” этиб кулиб юборганимни билмай қолибман: – Кўпга келган тўй-да, Худойберди ака, нимаям дердик, – дедим хатоимни тузатган бўлиб.
Худойберди ака “қандай кунларга қолдик” дегандай мушкул ўйга чўмди.

V

Пирмат Шермуҳамедов яна нечта “Обьяснительное…” ёзди – ўзи билади. Аммо тафтишлар шу даражага етдики, юқоридан юборилган вакил эртадан-кечгача таҳририятда ўтириб ким қачон ишга келиб, қачон кетди-ю, кун бўйи неча бет таҳрир қилиб, қанча қўлёзма ўқидисигача – ҳамма-ҳаммасини ёзиб, ҳар куни тепага “Маълумот” жўнатишгача бориб етди. Коридорга совуқ сукунат иниб, хоналардан эшитилиб турадиган ҳазил-ҳузиллар камайди, муаллифларнинг қадами сийраклашди. Пирмат ака эса ҳар доимгидек бардам ва дадил, ҳеч нима билмагандек журнал ташвишлари билан овора эди. Фақат баъзи-баъзида ишдан кетаётиб, хонаси ва хонадаги темир сандиқнинг калитини менда қолдирарди: “Эрталаб бир жойга кириб – чиқадиган ишим бор, керак бўлиб қолса, қидириб юришманглар”. Бу манзара “Шарқ юлдузи” журналининг ижодий фаолияти Маказқўм бюросида муҳокама қилиниб, Пирмат Шермуҳамедов ўз аризасига кўра бош муҳаррир вазифасидан бўшатилгунича давом этди...

VI

Пирмат ака елкасидан босиб ётган тоғдан қутулган одам каби бутун вужуди билан ижодга шўнғиди. Адабий жараён, бадиий маҳорат, болалар адабиёти муаммолари бўйича қатор-қатор таҳлилий мақолалар битди, таниқли адиблар портретига чизгилар, эсселар яратди. Тарихни, улуғ аждодларимизнинг ҳаётини ўрганди. Муҳаммад Хоразмий, Хоразм маликаси, Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия Султонбегим ҳақида бадиа- қиссалар ёзди. Ўнлаб шогирдларининг кандидатлик ва докторлик ишларига илмий раҳбарлик қилди.
27.03.202514:05
– Биласизки, бизлар – ҳаммамиз улуғ аллома-аждодларимиз билан ғурурланишни яхши кўрамиз, – деди бир гурунгимизда алланечук ўйчанлик билан. – Фахрланиш, мақтаниш албатта завқли. Аммо, аксар ҳолларда бизга битмас-туганмас ифтихор ато этиб кетган даҳо боболаримизнинг илмий-маънавий меросидан чала-чулпа хабардор бўлганимиз яхши эмас. Ваҳоланки, жаҳон илм-фанига ҳеч қайси миллат бизнинг боболаримизчалик салмоқли ҳисса қўшган эмас. Мен қарийб йигирма йил тарих саҳифаларини титкиладим, жаҳондаги энг йирик кутубхоналарда бўлдим, энг нодир тарихий манбалар билан танишдим ва худди шундай хулосага келдим. Биргина Абу Райҳон Беруний меросини олиб кўринг. Беруний чин маънода қомусий олим бўлган. Астрономия, минералогия, физика, геология, геометрия, тарих, фалсафа, математика, медицина, этнография, жамиятшунослик, фармацевтика каби фанларнинг ривожланишига буюк ҳисса қўшган. Алломанинг фавқулодда беқиёс илмий тафаккури ҳали-ҳамон дунё олимларини ҳайратга солади. Абу Райҳон Беруний илму одобда, нарсаларнинг моҳиятини билишда, ҳандаса ва фалсафада шу қадар билимдон эдики, унинг замонида унга тенг келадиган ҳеч ким йўқ эди, дейди ўн биринчи асрдаги Ғазнавийлар тарихчиси Абу Фазл Байҳақий. Америкалик олим Сартон эса “Дунё фани тарихида XI асрнинг биринчи ярмини “Беруний даври” деб аташ мумкин” деган адолатли хулосани баён қилади. Жаҳон илм аҳлининг бундай тан бериб юқори баҳо бериши камдан-кам инсонларга насиб этган.
– Алломанинг исми Муҳаммад, отасининг исми Аҳмад, Беруний эса ҳозирги тил билан айтганда тахаллуси деймизми... Унинг асл маъноси нима экан? – сўрайман гап орасида.
– Бу савол мени ҳам қизиқтиради. Лекин Берунийга нега бундай лақаб берилгани ҳақида тарихий манбаларда бирор-бир аниқ маълумотларни учратмадим. “Беруний” форсча “берун” (ташқари) сўзидан олинган бўлиб, “ватандан ташқарига кетган” деган маънони англатади. “Самъонийнинг “Китоби ул-ансоб” рисоласида ёзилишича, хоразмликлар пойтахтдан чеккада яшовчи кишиларни “берунийлар” деб номлашган. Муаррих Ёқут ал-Ҳамавийнинг сўзларида ҳам шунга яқин маъно бор: “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ал-Хоразмийга Беруний деб нисбат берилишининг маъноси шуки, у киши шаҳар ташқарисида туғилган. Чунки форсчада “берун” деган сўзнинг маъноси “ташқари” демакдир. Мен бу ҳақда фозил кишиларнинг биридан сўраганимда, улар Беруний Хоразмда кам бўлган, Хоразм аҳли (четдан келган) мусофирларни шу ном билан атайдилар, деб жавоб бердилар. Шундайки, у хоразмликлардан узоқ вақт четда юриб, мусофир бўлиб қолган. Менимча, улар бу билан унинг қишлоқдан чиққанлиги, яъни шаҳардан ташқари жойдан бўлганини айтишмоқчи бўлишса керак”. Агар Абу Райҳон Берунийнинг мелодий ҳисоб билан 973 йилнинг 4 сентябрь куни Хоразмнинг пойтахти Кат яқинидаги Бушканз қишлоғида таваллуд топганини ҳисобга олсак, юқоридаги тахминларда асос бордек туюлади. – Берунийнинг бир юз элликдан ортиқ асарлари неча асрлардан буён турли фанлар тараққиётида, ривожида ҳал қилувчи ўрин эгаллаб келаётир, – деб давом этди Пирмат ака. – “Ҳиндистон” асари эса жаҳон ҳиндшунослиги, маданиятшунослиги илмининг пойдевори ҳисобланади. Маҳатма Ганди бу асарнинг бебаҳо аҳамияти ҳақида гапириб, ҳали дунёда ҳеч ким ҳинд халқини, унинг қадим ва бой маданиятини Берунийчалик тарғиб қилмаган. Бинобарин ҳинд халқи бор экан, унинг дўсти Абу Райҳон Беруний ҳам бор. Биз ҳамиша унинг илғор тафаккури олдида бош эгамиз, деган. Буям майли, алломанинг ҳаёти, ундаги илм-фанга бўлган беадоқ меҳр, садоқат ва фидоийликни айтмайсизми?! – Суҳбатимиз шу зайлда узоқ давом этди. Пирмат ака улуғ алломанинг мураккаб кечган ҳаётига доир жуда кўп қизиқарли тарихий воқеаларни сўзлаб берди. Сездимки, устоз буюк бобомиз ҳақида нимадир ёзмоқчи ёки ёзаётир...
Биз устоз билан тез-тез кўришиб, гурунглашиб турамиз. Устоз учрашув-гурунгларга ҳеч қачон қуруқ қўл билан келмайди. Янги қисса ёки ҳикояни тугатган, жамият ё табиат муаммолари тўғрисида публицистик мақола ёзган, ҳеч бўлмаса қайсидир адибнинг асарига тақриз битган бўлади.
Яқинда Пирмат ака билан кўришдик.
14.04.202502:04
БУЗИЛМАСИН ОНАМ УЙҚУСИ

Ҳей, сиз, еллар, чавандоз еллар,
Тулпорингиз совутинг бир дам.
Кўрмайсизми, ором олмоқда
Гўдаклардай бокира онам.

Ҳей булбулча, тонглар садоси,
Тўхтат бирпас созингни сен ҳам.
Ахир она замин худоси
Ухлаётир боладай бу дам.

Ҳей шалола, исёнкор қудрат,
Эркинликка чопган саман той,
Бирпас, сен ҳам олгин ҳаловат,
Сокин бўлсин онам ётган жой.

Бузилмасин онам уйқуси,
Посбон бўлинг унга, одамлар.
Ахир титраб турар куррамиз,
Бирдай эмас ҳамма қадамлар.

1967 йил
09.04.202503:11
03.04.202502:05
ЭРКАЛИК

Саҳнада эркалик қилишдек хуш бахт
Ҳар қайси ҳофизга бўлмагай насиб.
Бундайин шуҳратга ким бўлса илҳақ,
Аввал бу шарафга бўлсин муносиб.

Онангга тўйгунча эркалан, майли,
Аммо эл олдида ҳаддингни билгил.
Эркалик қилишга гар бўлса майлинг,
Аввал шунга лойиқ хизматлар қилгил.

https://t.me/abdusaidkuchimov
30.03.202502:05
ОГОҲ БЎЛМАСА

Битта тош дарани тўлдирар гоҳо,
Бир эпкин боғларни сўлдирар гоҳо.
Ёлғон хушомаддан бўлмаса огоҳ,
Тулки айиқни ҳам ўлдирар гоҳо.

17.12.2014 йил
27.03.202514:05
– Бу нима? – деди ўтирган жойида бир кўтарилиб тушиб. – Қип-қизил майнавозчилик-ку, а, оғайни! Ўқиб бўлмайди-я! Токайгача шалтоқларингни тозалайман. Қиладиган бошқа ишим йўқми? – У зарда билан саҳифаларни олдимга сурди. Саҳифаларнинг аҳволини кўриб ҳушим бошимдан учиб кетди: худди иккичи ўқувчининг иншо дафтаридай қип-қизил қилиб бўяб ташланган, ҳар бетда бешта-ўнталаб ундов ва сўроқ аломатлари ўқрайиб турарди. Иккинчи корректурадан кейин босмахонага тўланадиган жарима баҳоси жуда баланд бўлганидан қутқуга тушиб:
– Бу хатоларни тузатишга журналнинг бир йиллик маблағиям етмайди-ку! – деб юборибман.
– Бу билан нима демоқчисан! – Ўшқирди инструктор. – Туширмасдан илгари кўзларинг қаёқдай эди? Харажатни пешлайсан? Етмаса, миллионер редакторинг тўлайди! – У халачўпнинг ярмича келадиган қаламни тарақлатиб столга отди, жаҳд билан телефон гўшагини кўтарди, томоғини қириб бир йўталиб олди-да:
– Диля Турдибаевга, можно к вам? – деди овозини эшиб. – На секунду…
Розилик берилди чамаси, ирғиб туриб тез-тез қоғозларни папкага солди-ю, менга “орқамдан юр” деган қараш қилиб эшикка йўналди. Унга эргашиб бўлим мудирининг ҳузурига кирдик. Бўлим мудири тўла, нимсариқ сочлари ҳурпайган, қўнғир кўзлари думалоқ, эркаксифат аёл экан. У деразадан кўчага қараган кўйи телефонда ким биландир шанғиллаб сўзлашаётган эди. Кирганимиздан кейин гўшакка: “Да, потом... Я сама...” – деб гўшакни жойига қўйди. Инструктор йўрғалаб катта столни айланиб ўтди-да, папкани Турдибаевнанинг олдига қўйиб бўяб-бежалган саҳифаларни очди:
– Вот, смотрите Диля Турдибаевна, разве так можно? Я как работаю с ними, незнаю.
Опа ялтироқ кўзойнагини тақиб саҳифаларни вароқлашга тушди. Дарров авзойи ўзгарди, вароқлаётиб бир неча марта кўзойнаги устидан менга қараб ўқрайиб-ўқрайиб қўйди.
– Это что? – деди бармоғини қоғозга нуқиб. Овози эркакларникидек йўғон ва дўриллоқ эди.
Ходим: “мановидан сўранг”, дегандай елкасини учириб, менга ишора қилди:
– Вот, он...
– Он кто?
Ответсекретар, третий фигура.
Опа кўзойнагини олиб стол устига қўйиб, менга қаради. Катта-катта қўнғир кўзлари совуқ чақчайди, ясама тирноқларини бигиз қилиб:
– Кто такой Миртемир? – деб савол берди. Лекин жавоб кутмай ўша оҳангда давом этди: – Дамла, дамла! Он имам Бухарском медресе или шейх?
Журналда Отаёрнинг Миртемир домлага бағишланган “Мен қуёшни кўргали келдим” эссеси бор эди. Савол шу тўғридалигини англаб, Миртемир домла бўйича қисқа ахборот берган бўлдим.
– Да-а, вспомнила, – деди бир нима эсига тушгандек. – Которий написал роман про Владимира Ильича и какойто узбека-старика, да? Темболее нельзя!
У Миртемир домланинг замонасозлик важида ёзилган “Ленин ва Ражаб бобо” достони тўғрисида айтаётган бўлса керак деб тахмин қилдим. Унга ҳозир Навоий ҳазратлари тўғрисида айтсангиз ҳам “Кто он такой?” дейиши муқаррардек туюлди.
Ўша кунлари адабий жамоатчилик орасида Усмон Носир юбилейи муносабати билан пайдо бўлган бир ҳангома юрарди. Эмишки, мана шу опа Усмон Носир юбилейи тантаналарида иштирок этиш учун Қўқонга борибдилар. Одам тўла залнинг президиумидан жой олибдилар. Кейин атрофга аланглаб қараб: “Юбиляр қани? – дебдилар астойдил хафа бўлиб. – Шунча одамни куттириб қўйиш уят эмасми?..” Опанинг ҳозирги хатти-ҳаракатларини кузатиб, бу анекдод бўлмаса керак, деган фикр хаёлимдан ўтди...
Мен ўзбекча гапирганим учун бўлса керак опа жавобимга заррача эътибор бермай давом этди:
– У вас не хватает духа шестьнадцатога пленума сека. По этому некто не читает ваш журнал... – У мазкур пленумнинг тарихий аҳамияти, маънавий поклантиришдаги беқиёс ўрни каби масалалар хусусида жўшиб сўзлади. Айрим газет-журналда қарорнинг ҳаётбахш ғояларини тушунмаслик, ҳатто менсимай қараш борлиги, улар ҳаётдан орқада қолаётганини урғулади, “Шарқ юлдузи” фаолиятида бу ҳодиса яққол кўринаётганини алоҳида таъкидлади: – Всё ошибки исправте! – деб буйруқ берди ходимига юзланиб. – Пуст главний редактор напишет обяснительное письмо.
12.04.202502:01
МЕНИНГ БОҒИМ

Еру осмон аро жаннатмакон бўстон менинг боғим,
Рўйи рахшон, малак султон, соҳиб даврон менинг боғим.
Бу гулшанда ўрин йўқдир заҳаролуд алафларга,
Суманбар гул, салафларга сўлим ошён менинг боғим.
Чамандин соҳиру сарвар, саросар қумри, булбуллар,
Аларга салсабил илҳом, зариф достон менинг боғим.
Тўмарису Широқ, Темур, Бобур, Лутфий, Навоийдек
Жаҳонгирлар, даҳоларга суюк қўрғон менинг боғим.
Висол ҳажрида ёнмишлар самовий ҳурлиқолар ҳам,
Самовий ҳурлиқоларга моҳи тобон менинг боғим.
Табассум қилса райҳонлар, фалакни тутгай ларзонлар,
Кима сайҳон, кима армон, кима даврон менинг боғим.
Суви зар, тупроғи гавҳар, афиф ҳар майса, япроғи,
Муаззам Кавкабистонда ёруғ чўлпон менинг боғим.
Қуёш, ойни қилиб сархуш, сеҳрлаб жумлаю жонни,
Яратгандин санавбарваш самин эҳсон менинг боғим.
Мовароуннаҳр гоҳи, гаҳи Турону Туркистон,
Жаҳона жавҳари достон – Ўзбекистон менинг боғим.

22.04.2020 йил

https://t.me/abdusaidkuchimov
02.04.202502:03
ВАТАН

Ватан нимадир деб сўрайсан, ажаб...
Таърифлаб бўлгайми она сутини?
Жавоб қидирмагин кўкка мўлтираб,
Ватан осмонларда ётмас беркиниб.

Бир парча ҳовлингни ифорга кўмиб,
Бир парча ҳовлингни яшнатиб бешан –
Саҳарда сеҳрли ўйларга чўмиб,
Гуркираб тургувчи райҳонинг – Ватан.

Ишкомда маржондай ялтираб ял-ял,
Ҳусайни лабидан томган болдир у.
Зангори соҳилда келинчак мисол
Сузилиб тургувчи мажнунтолдир у.

Нозик новдаларни опичлаб турган
Намозшом гулининг кўзи ҳам Ватан.
Ёлғиз саксовулнинг томири cингган,
Ялангтўш чўлларнинг тузи ҳам Ватан.

Далангда барқ уриб ўсган ҳар гиёҳ,
Ҳар эрка майсанинг нозидадир у,
Танбур навосидан чиққан маҳзун оҳ,
Ғанижон Тошматнинг созидадир у.

Сира кўрганмисан, қуёш ботар чоғ
Алвонга бўялар жилғалар ранги.
Аломат ғовурга кўмилар қишлоқ,
Димоқни қитиқлар поданинг чанги.

Икки қоп сомонни эшакка ортиб,
Ангардан қайтади отанг пиёда.
Зумда дастурхонга киради тартиб,
Ширин жаранглайди чойнак-пиёла.

Мусича солгандир айвонингга кўшк,
Балки, қалдирғоч ҳам қурган кошона.
Қушчалар ҳар саҳар куйлаган қўшиқ,
Ватандир муқаддас, мумтоз, ягона.

Яқинроқ кўрмоқни истасанг яна,
Йўнғичқа гулига юзларингни бос.
Осмонга тикилиб ётсанг жимгина,
Ватан, кўкрагингда гуллайди қийғос.

Ё ярим кечада маъводан тушиб,
Томда ёнбошлаган юлдузларни кўр,
Юрагинг дарёдай кетмасми жўшиб?
Ватандир шу туйғу – самовий сурур.
Ватан нимадир деб сўрама, иним...

https://t.me/abdusaidkuchimov
29.03.202502:02
ВАТАН НАДИР?

Ватан – шундай улуғ, сирли хилқатки,
Ўйларинг гуллайди ўйлаган саринг.
Ватан – шундай ёруғ, шамси талъатки,
Куйларинг гуллайди куйлаган саринг!

https://t.me/abdusaidkuchimov
27.03.202514:05
– Баъзилар орқаворотдан сизни: “жуда эҳтиёткор”, деб таъна қилишади...
– Биламан, – самимий кулди устоз. – Айрим ёшлар битта асар билан жамиятнинг авра-астарини ағдариб ташламоқчи бўлади. Талантли, аммо ҳали мўрт, сиёсий ўйинлардан бехабар... Мен иқтидорли ёшларни эҳтирос қурбони бўлиб қолишидан чўчийман. Улар яратилаётган ҳар битта асарни ўнлаб кўзлар қора кўзойнак остидан тафтиш қилиб ўтирганини билишмайди! Ёшлар тафтишчилар қармоғига илиниб қолмасин, катта йўлга бешикаст чиқиб олсин, деб эҳтиёткорлик қиламан.
– Ҳамма тўғри тушунавермайди...
– Масала кимнинг қандай тушунишида эмас – бурчда!
Сутдек ойдин кечада, олмазорлар орасида узала тушиб ётган чанг-тупроқ кўчада бўлган ўша суҳбат ҳали-ҳамон худди ҳозир бўлиб ўтгандай кўз олдимда турибди. Пирмат ака Марказқўмда ишлаб найрангбоз шўро мафкурасининг шафқатсизликларини ўз кўзи билан кўрган, ақли билан идрок этган; у, шўроларга югурдаклар, “лаббайчи”лар кўпроқ кераклигини яхши билар, билгани учун ҳам талантларни эҳтиётлаш йўлида куйиб-куйманарди. Ардоқли адиб Одил Ёқубов ҳам бир суҳбатида айнан шундай фикрни таъкидлаган эди. “Пирматжон сиртдан эҳтиёткордек кўринади. Аслида эса жасур ва дангал, тўғри ва ҳалол, садоқатли ва ҳушёр, чуқур илмли. У “Шарқ юлдузи”га бош муҳаррир бўлиб келганидан кейин журнал қиёфаси, мазмуни батамом ўзгарди. Адабиётда воқеа бўлган асарлар босилди. Унча-мунча редактор ботинолмайди бунга. Тез оқар сокин дарёга ўхшайди у...” Журналда Пирмат ака билан бирга ишлаган йилларда мен устоз ёзувчининг фикри адолатли эканига такрор-такрор гувоҳ бўлдим. Пирмат ака зоҳиран мулойим, ботинан жасур бош муҳаррир эди. “Шарқ юлдузи”нинг ўша йиллардаги сонларини варақлаган ҳар қандай ўқувчи бунга амин бўлади.
Хуллас, “Сурхон” мукофоти баҳона, ўнлаб ижодкорлар Сурхон воҳасига бордилар, сурхондарёликлар билан учрашдилар, дўстлашдилар, дала-даштларини кездилар. Сафар давомида воҳанинг оддий одамлари ҳаёти, турмуш тарзи, дил қатида қатланиб ётган ранг-баранг ҳис-туйғуларидан, қувонч-ташвишларидан огоҳ бўлдилар. Алал-оқибат, табиий суратда янги асарлар пайдо бўлишига замин ҳозирланди. Аммо йиллар ўтди, замон айланди, “Сурхон” ҳам аста-секин қумга синггандай йўқолиб кетди...

IV

Манқуртликнинг илк аломати унинг ақлли кишиларга чексиз адоватида кўринади, деганлари ҳақ рост! Имон-эътиқодли инсонни кўрган манқурт уйқусидан айрилади. Манқуртлар битта-иккита бўлса, эҳтимол, чидаш мумкиндир. Аммо улар чиябўрилар сингари гала-гала бўлиб ҳокимият тепасига келса, бутун бошли давлатга эгаликни даъво қилса-чи?
Шароф Рашидов вафотидан сўнг бир муддат Ўзбекистон ҳукумати тепасига манқуртлар галаси қўлида қолгани ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилган эмасдир. Қўғирчоқларнинг қўғирчоқбозлари заҳматкаш халқимизнинг шаъну шавкатини топташ мақсадида “Ўзбеклар иши”, “Пахта иши” каби уйдирмалар ўйлаб топгани-ю, минглаб оддий инсонлар шу маломат қурбонига айлангани ҳам эсимизда турибди. Бу қора кунлар – шўроларнинг сўнгги қатағони тўғрисида хусусан, “Пахта иши” мавзуида оз бўлса-да, ёзилди. Китоблар чиқди. Аммо зиёлилар кўрган азоблар ҳали-ҳозирча таҳлил қилинган эмас. Бир неча матбуот нашрлари қаторида “шўровий мафкурага зид асарлар” чоп этган “Шарқ юлдузи” журнали ва унинг бош муҳаррири Пирмат Шермуҳамедов ҳам биринчилардан бўлиб тафтиш нишонига айланди. Бош муҳаррирга “Рашидовнинг “думи” деган айб ҳам қўйилган эди. Текшир-текшир авжланди. Кунда-кунора комиссия, кейин аттестация... Марказқўмдагилар журналнинг ҳар саҳифасини ўқиб, имзоламагунча чоп этишга рухсат йўқ. Журналнинг ҳар бир сонини иккинчи корректурадан кейин у ёққа олиб бориб “ўқитиб” келиш масъул котибга, яъни менга юкланган.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Баҳор кунларининг бири эди. Журналнинг навбатдаги сонининг иккинчи корректурасини опкелгани бордим. Ғилайкўз инструктор корректурани столига ёйиб қўйиб томоша қилиб ўтирган экан. Мени кўриб асаби қўзиди:
Показано 1 - 22 из 22
Войдите, чтобы разблокировать больше функциональности.