📍 Маҳалла еттилиги: Жамоат бошқарувида оптималлаштириш вақти келмадими?
Бугун маҳаллада фаолият юритаётган Ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори ва ижтимоий ходим ҳамда махалла раисининг ҳар бири ўз вазифасига эга. Аммо амалиётда уларнинг вазифалари ўзаро чўғлашиб кетгани, кераксиз такрорийлик юзага келаётгани кузатиляпти.
❗️ Нима учун бу масала долзарб?
🔁 Вазифалардаги такрорланиш:
Хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва Ҳоким ёрдамчиси — барчаси “муаммоли хонадонлар” билан ишлаш, рўйхат тузиш, ўрганишлар олиб бориш вазифасини бажармоқда. Бир хонадонга бир ойда 3-4 марта турли сабаб билан келиш ҳолатлари кўпайган.
Аҳоли билан мулоқот қилиш, ёрдамга муҳтожларни аниқлаш, тадбиркорликка йўналтириш каби вазифалар деярли барча вакиллар вазифасида бор.
Раис эса бу жараёнларни мувофиқлаштириш билан бирга, кўпинча барча вазифаларни зиммасига олишга мажбур бўлмоқда.
📊 Натижа қандай?
Вақт ва ресурслар самарасиз сарфланмоқда.
Фуқароларда "қайси ходимга қандай масала бўйича мурожаат қилиш керак?" деган ноаниқлик пайдо бўлган.
Энг оғир ҳолат — муаммо ҳал бўлмасдан, фақат қайта-қайта ўрганилаётган ҳолда қолмоқда.
🤔 Нега одамлар ҳануз тўғридан-тўғри ҳокимликларга мурожаат қилмоқда?
Бу — маҳалладаги муаммолар манзилли ҳал қилинмаётгани, жавобгар ким эканлиги белгиланмагани, ёки белгиланган вазифалар амалда бажарилмаётганидан далолат беради. Одамлар ишонч билан мурожаат қилса-да, “ман унга жавобгар эмасман” деган жавобни олади. Шу боис тўғридан-тўғри ҳокимлик эшигини тақиллатишга мажбур бўлмоқда.
✅ Нима қилиш керак?
Такрорланувчи вазифаларни аниқ ажратиш ва оптималлаштириш: – Масалан, ёшлар ва хотин-қизлар муаммосини якдил ҳолда, битта ихтисослаштирилган вакил юритиши мумкин.
Ҳоким ёрдамчиси вазифалари натижавий кўрсаткичлар билан ўлчаниши керак: – У ишсизга иш топиш, ёрдам сўраганга ресурс бериш, тадбиркорни рўйхатга олиш эмас, натижага етказиш учун жавобгар бўлиши керак.
Раис юкини енгиллаштириш:
– Раис ишларни мувофиқлаштирсин, аммо барча муаммолар учун якка жавобгар бўлиб қолмаслиги керак.
Маҳалла фаоллари ўртасида аниқ роль ва чегаралар белгилаш: – Ҳар бир ходим “менинг вазифам анау, бошқаси бу эмас” дея аниқ позицияга эга бўлиши зарур.
📢 Хулоса:
Маҳалла еттилиги жорий этилгани — ҳудудларда давлатнинг аҳоли билан яқин мулоқотини таъминлашда муҳим қадам. Лекин ишни кўпайтириш эмас, натижани кўпайтириш — ҳақиқий ислоҳот белгисидир. Тизимдаги юкни енгиллатиш, роли ноаниқ вакилларни оптималлаштириш орқали давлат бошқарувини янада самарали ва халққа яқин қилиш мумкин.
📲 @davlatxizmatchisi_uz — Давлат ислоҳотлари ва ижтимоий жараёнлар ҳақида холис ахборот манбаи!